Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Францияда бўлиб ўтган Халқаро Франкофония ташкилотининг 19-саммитида иштирок этди. Мазкур саммит доирасида вазир ва Kokoro Lingua компанияси асосчиси Натали Ласслет ўртасида суҳбат ташкил этилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ушбу учрашувда томонлар Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида 5-6 ёшли болалар учун инновацион Kokoro lingua платформаси ёрдамида болаларга француз тилини ўргатиш масалаларини муҳокама қилди.
Муҳокамалар якунида келгуси бир йил давомида 12 та мактабгача таълим ташкилотида бепул тарзда француз тилини ўқитиш бўйича келишув имзоланди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Kokoro lingua болалар учун тил ўргатиш бўйича инновацион халқаро компания ҳисобланади.
Учрашувлар давомида вазир Ҳилола Умарова “France Education International” ташкилоти Бош директори Оливе Брандуи билан ҳам учрашди.
Унда француз томони билан Ўзбекистондаги француз тили ўқитувчилари малакасини ошириш ва тренер-ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқитувчилар алмашув дастури ҳамда Ўзбекистонда француз тили тестларини (DELF junior, DALF) жорий қилиш юзасидан келишувга эришилди.
“Francе Education International” 1945 йилда ташкил топган бўлиб, ташкилотнинг асосий фаолият йўналишларидан бири тил бўйича сертификатлаш ва тестлар тузишдан иборат.