2024 йилнинг 23-26 сентябрь кунлари Италиянинг Ассизи шаҳрида “Global Hippo Association” ташкилоти томонидан ташкил этилган 12-Халқаро инглиз тили олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу нуфузли танловда Ўзбекистондан ҳам ўқувчилар қатнашиб, ўз билимларини намойиш этишди.
Мазкур танловнинг саралаш босқичларида 63 давлатдан 88 мингдан ортиқ ўқувчилар қатнашган бўлса, Ўзбекистондан 4,5 минг мактаб ўқувчилари иштирок этди. Сурхондарёлик 7-синф ўқувчиси Мираброр Ражаббоев “Hippo-2” гуруҳида халқаро олимпиаданинг фахрли 3-ўрнини қўлга киритди.
Ташкилотчилар барча иштирокчиларни халқаро инглиз тили сертификати, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Шунингдек, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар ва уларнинг устозларига Ўзбекистон элчихонаси номидан ташаккурномалар тақдим этилди.
Қайд этиш жоизки, 2025 йилда ушбу халқаро инглиз тили олимпиадасининг Европа босқичи Венеция шаҳрида, Осиё босқичи Самарқанд шаҳрида, якуний босқичи эса Сицилия оролида бўлиб ўтиши режалаштирилган.