Ижтимоий тармоқларда ўқитувчи дарс вақтида ўқувчини калтаклаганлиги акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:
“Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 2024 йил 23 сентябрь куни тахминан соат 15 лар атрофида, иккинчи сменада, 6-“В” синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г. гап қайтаргани учун тортишиб қолган.
Сўнг ўқитувчи ўқувчини қулоғидан тортган, ўтирган жойидан олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Ўқувчига тан жароҳати етказмаган, саломатлиги жойида.
Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, рус тили фани ўқитувчиси Р.О. синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган ва расман ишга қабул қилинмаган. Юқоридаги воқеа унинг дастлабки иш кунида содир бўлган”, – дейилади муносабатда.