Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, талабани ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш тақиқланади.
МКнинг 119-моддасига биноан, иш берувчилар ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этишлари мумкин эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 49-моддасида ишга қабул қилмаслик ёки меҳнат қонунчилигини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5-10 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланган.
Агар ишга қабул қилиш рад этилган бўлса, мурожаатчининг талабига биноан иш берувчи уч кун ичида рад этиш сабабларини ёзма равишда асослаб бериши керак. Бу жавоб ишга қабул қилишга масъул шахс томонидан имзоланган бўлиши шарт.
Меҳнат кодексининг 120-моддасига мувофиқ, агар ишга қабул қилмаслик қонунга зид деб ҳисобласангиз, белгиланган тартибда шикоят қилиш ва етказилган моддий ва маънавий зарар учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор. Бу ҳолатда, ишга қабул қилмасликнинг қонунийлигини исботлаш иш берувчининг зиммасига юкланади.