Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликдаги қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларининг 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанидан дарс берадиган педагог ходимлар учун “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” республика кўрик танловини тизимли равишда ўтказиш чораларини кўриши белгиланди.
Танлов 3 босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич – туман (шаҳар) босқичи. Ушбу босқич 2 қисмда ўтказилади, биринчи саралаш қисми, бунда ўқитувчилар интернет тармоғи орқали ўтказиладиган тест синовларида иштирок этиш орқали саралаб олинади. Иштирокчиларда интернет тармоғига уланиш имкони бўлмаган тақдирда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимида тест синовларида иштирок этади. Тест синовлари натижасига кўра энг юқори балл тўплаган 20 нафар ўқитувчи иккинчи танлов қисмига ўтади);
Иккинчи босқич – ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар) босқичи;
Учинчи босқич – республика босқичи.
Танлов 2 та шарт бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган Қайдномага мувофиқ қуйидаги мезонларга асосан 40 баллгача баҳоланади:
Биринчи шарт – ўқитувчининг соҳага оид билимлари – 10 баллгача баҳоланади. Ушбу шарт бўйича ўқитувчининг соҳага оид билимларини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни билиши иштирокчининг билет тортиши ва битта саволга оғзаки жавоб бериши (блис-сўров) орқали амалга оширилади. Бунда, тайёргарлик кўриш учун иштирокчига вақт берилмайди.
Танловнинг иккинчи босқичида биринчи шарт натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 20 нафар иштирокчи иккинчи шарт – тақдимот қисмида иштирок этади. Қолган бошқа иштирокчилар танловни тарк этади.
Иккинчи шарт – ўқитувчининг тақдимоти – 30 баллгача баҳоланади. Бунда, тақдимот қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
– мавзуни тақдимот асосида ёритилиши – 10 баллгача;
– ўқитувчининг тақдимот мавзуси доирасида ҳуқуқий билимлари даражаси – 10 баллгача;
– ўқитувчининг нотиқлик маҳорати – 10 баллгача.
Тақдимот учун 10 дақиқагача вақт ажратилади. Ҳакамлар ҳайъати қарори якуний ҳисобланади ва унга нисбатан шикоят билан мурожаат қилинмайди.
Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқ билан тақдирланади.
Республика босқичи ғолиблари қуйидагича пул мукофоти ҳамда фахрий ёрлиқ билан тақдирланади:
1-ўрин – 30 млн сўм;
2-ўрин – 20 млн сўм;
3-ўрин – 10 млн сўм.
Бунда танловни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган харажатлар Адлия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.