Педагог-ходимлар учун намунавий этика қоидалари тасдиқланди - Ta’lim xabarlari
Педагог-ходимлар учун намунавий этика қоидалари тасдиқланди

Мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог-ходимлар учун намунавий этика қоидалари тасдиқланди.

 

Мазкур қоидалар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида татбиқ этилади, нодавлат ва бошқа турдаги ўқув муассасалари учун тавсиявий хусусиятга эга. Шунингдек, уларга риоя қилиш таълим-тарбия жараёни иштирокчилари учун таълим муассасалари ҳудуди доирасида мажбурий ҳисобланади.

 

 

Таълим-тарбия жараёни иштирокчилари таълим муассасаларида қуйидаги этика қоидаларига амал қилишлари лозим:

 

– Педагог-ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари;

 

– ўзаро муносабатларда ягона жамоа сифатида ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳалоллик ва адолат тамойилларига риоя этишлари;

 

– турли хил зўравонлик ва камситувчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик;

 

– педагог-ходимлар тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида ишга ва дарсга ўз вақтида келишлари;

 

– педагог-ходимлар иш вақтида касб маданияти ҳамда таълим муассасаларининг Устави билан тасдиқланган талабларга кўра кийинишлари;

 

– кийимларнинг ўта тор ёки ўта кенг бичимда бўлмаслиги; кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши.

 

 

Таълим муассасалари Уставида педагог-ходимларнинг меҳнат фаолияти давомида кийиниш маданиятига бўлган талаблар акс эттирилмаган бўлса, қуйидагилар талаб этилади:

 

– эркаклар мавсумга қараб — классик услубдаги шим, костюм-шим (имкон қадар қора, тўқ кўк рангдаги), кўйлак (оқ, ҳаворанг ва шу каби),бўйинбоғ, пойабзал (қора рангда бўлиши тавсия этилади) кийиши;

 

– аёллар мавсумга қараб – классик услубдаги юбка, костюм-юбка (имкон қадар қора, тўқ кўк рангдаги), ҳаво ҳароратига қараб классик услубдаги шим (имкон қадар қора, тўқ кўк рангдаги), танани очиқ кўрсатиб турмайдиган юпқа (ҳарир) бўлмаган кофта (оқ, ҳаворанг ва шу каби), кўйлак, паст пошнали ёки пошнасиз пойабзал (қора рангда бўлиши) кийиши;

 

– турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансублигини акс эттирувчи кийимларда бўлмаслиги;

 

– умумеътироф этилган миллий-анъаналарга ва маънавий-ахлоқий тарбияга зид келадиган ёки спорт кийимларида бўлмаслиги лозим.

 

 

Шунингдек, таълимтарбия жараёни иштирокчиларининг ташқи кўриниши бўйича қуйидаги талаблар белгиланади:

 

 

– танасининг очиқ қисми татуировка туширилмаган ёки пирсинг қилинмаган бўлиши, сочи тартибга келтирилган ва ёрқин (ғайриоддий) рангларга бўялмаган бўлиши;

 

– эркакларнинг соқоли олинган бўлиши;

 

– аёллар қулоқ ва бармоқлардан ташқари тананинг турли қисмларига зирак ёки металл буюмлар тақиб юрмаслиги;

 

– ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган ҳолатларга йўл қўймасликлари;

 

– педагог-ходимлар ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан танишиб бориши, уларга оғишмасдан амал қилиши, мавжуд барча стандартлар, баёнлар, тавсиялардан хабардор бўлишлари лозим.

 

 

Педагог-ходимларга қўйиладиган талаблар:

 

– таълимий-тарбиявий фаолият ва дарсларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли олиб бориши;

 

– мавзудан ташқари мавзуларга чалғимаслик;

 

– тарбияланувчи ва ўқувчилар шахсини ҳурмат қилиш;

 

– таълим муассасаларида юзага келадиган ҳар қандай муаммони қонун, ошкоралик ва демократик асосда ҳал қилиш;

 

– маҳалла, жамоат жойларида ўзини юксак педагоглик мақомига муносиб тутиш;

 

– доимий равишда ўз-ўзини шахсий ва касбий ривожлантириб бориш;

 

– ўз йўналиши бўйича тарбияланувчи ва ўқувчиларга Давлат таълим стандартлари даражасида билим, кўникма ва компетенцияларни шакллантириш;

 

– таълимий-тарбиявий фаолият ва дарсдан ташқари тадбирлар давомида тарбияланувчи ва ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда фаол иштирок этиш;

 

 

– «Устоз-шогирд» анъанасига содиқ бўлиш;

 

– ўзи яшайдиган маҳаллада маънавий-ахлоқий тарбия, «Маҳалла педагогикаси» муҳитини яратиш, маҳалла ёшларини тарбиялашда касбий фидойилик, ташаббуслар кўтариб, «маҳалла еттилиги»га кўмаклашиш;

 

– тарбияланувчи ва ўқувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки руҳий тазйиқ ўтказиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

 

– нтарбияланувчи ва ўқувчиларнинг шахсига доир маълумотларни гуруҳдошлари ва синфдошлари олдида муҳокама қилмаслик;

 

– нтарбияланувчи ва ўқувчиларни оммавий изза қилмаслик;

 

– тарбияланувчи ва ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг қонуний вакиллари билан шахсий адоватнинг олдини олиш;

 

– таълим муассасаси тўғрисидаги ахборотлардан унинг манфаатлари ва обрўсига зиён етказиш учун ёки ўз манфаатлари йўлида фойдаланмаслик;

 

– тарбияланувчи ва ўқувчиларга шахсан маънавий-ахлоқий намуна кўрсатиш, улар билан дўстона муносабатда бўлиш;

 

– таълим муассасаси манфаатларига зид бўлган ҳар қандай хулқдан тийилиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш;

 

– бирор-бир нохуш воқеа ёки ҳодиса рўй берса, зудлик билан таълим муассасаси раҳбариятини хабардор қилиш;

 

– ёшлар орасида миллий қадриятлар, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни зарарли одатлардан ва бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда жамиятимиз учун ёт бўлган диний экстремизм, радикализм таъсирларидан, «оммавий маданият» хуружларидан огоҳ этиб бориш;

 

– ўқувчиларни дарсдан чиқариб юбориш, дарсга киритмаслик каби ҳолатларга йўл қўймаслик;

 

– таълимий-тарбиявий фаолият давомида тарбияланувчиларга қўпол муносабатда бўлмаслик;

 

– таълим-тарбия машғулотларида диний ташвиқот олиб бормаслик;

 

– таълим муассасасига спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда келмаслик;

 

– таълим муассасасининг ҳудуди ва биносида спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;

 

– таълим муассасаси ҳудуди ва биносида тарбияланувчи ва ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига алоқаси бўлмаган тадбирларни ташкил этмаслик лозим.

Add a Comment

Your email address will not be published.

Mavzuga oid​

Telegram kanalga a’zo bo’lgan holda yangiliklar to'g'ridan-to'g'ri xabardor bo’ling!

Hamkorlarimiz

По теме

Станьте участником Telegram-канала и будьте в курсе новостей напрямую!

Наши партнеры