Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қатор Кодекс ҳамда Қонунлари, жумладан Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни 43-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча орқали нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини текшириш Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилишини белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 53-моддаси учинчи қисмига киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда мактабгача таълим ташкилотларига тегишли мақсадлар учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, қабул қилинган янги Қонунга кўра:
➖ таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитацияси, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказишнинг янги механизми жорий этилди;
➖ давлат таълим стандартининг нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари томонидан мажбурий бажарилиши белгиланди.