«Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтарига» киритилган ёшларга контракт пулининг бир қисми қоплаб берилади. Контрактнинг қанча қисми тўлаб берилади? Имтиёз қайси ОТМларда амал қилади? «Супер контракт» ҳам тўлаб бериладими? Қаерга мурожаат қилиш керак? Таълим назорати телеграм саҳифаси қуйидаги мақолада ушбу имтиёздан фойдаланиш тартибини тушунтирган.
Хусусий университетда ўқиётганларга ҳам имтиёз бериладими?
Ҳа, «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтарига» киритилган ёшлар Ўзбекистондаги ҳар қандай, шу жумладан давлат, хусусий, хорижий ОТМларда, техикум, коллежларда ўқиётган бўлса, контракт бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, мазкур имтиёз фақат бакалавр эмас, магистратура босқичида ўқиётганларга ҳам берилади. Бунда бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шакли, магистратуранинг фақат кундузги йўналиши бўлиши керак.
Контрактнинг қанча қисми қоплаб берилади?
Контрактнинг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Масалан, талаба А нинг контаркт суммаси 40 млн сўм, унинг контракти ярми 20 млн сўм бўлади, лекин унга 20 млн сўм эмас БҲМнинг 50 бараваригача қисми қоплаб берилади, яъни 16 млн 500 минг сўмгача.
Талаба Б нинг контракти 20 млн сўм, унинг контракти ярми 10 млн сўм ва унинг контракти БҲМнинг 50 бараваридан ошмаганлиги учун мана шу 10 млн сўм тўлиқ қоплаб берилади.
«Супер контракт» ҳам тўлаб бериладими?
Йўқ, «супер» контрактда ёки иккинчи мутахассисликда ўқиётганларга ушбу имтиёз қўлланилмайди.
Кимга мурожаат қилиш керак?
Контракт «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади. Жамғарма туман (шаҳар)ларда ҳоким бошчилигидаги Васийлик кенгаши томонидан бошқарилади. Кенгашнинг ишчи органи эса туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими ҳисобланади. Шу сабабли ариза ёшлар ишлари бўлимига берилади.
Аризага ОТМ берган контракт нусхаси илова қилиниши керак. Ариза беришнинг аниқ муддати йўқ, исталган вақтда бериш мумкин.
Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?
Ариза беришдан аввал, маҳалладаги ёшлар етакчиси билан маслаҳатлашинг ва уни хабардор қилганингиз маъқул. Сабаби сиз ариза берганингиздан сўнг 3 иш кунида аризангиз сиз яшаётган маҳалладаги ёшлар етакчисига кўриб чиқиш учун юборади.
Ёшлар етакчиси 5 иш кунида контрактни қоплаш ҳақидаги тавсиянома ёки рад этиш тўғрисидаги хабарнома юборади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт. Ёшлар етакчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин.
Васийлик кенгаши контрактни қоплаш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида уни ОТМ ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Шунда жами 11 иш кунида ариза кўриб чиқилиши керак.
Аризани кўриб чиқиш натижасидан ёки қайсидур мансабдор, ёшлар етакчисининг ҳаракатидан норози бўлсангиз ҳеч иккиланмай судга, прокуратура, адлия органларига мурожаат қилинг.