Вазирлар Mаҳкамасининг “Давлат таълим муассасаларида юридик таълимнинг узлуксиз тизимини жорий этиш ҳамда вояга етмаган ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори эълон қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, эндиликда юридик техникумлар негизида Тошкент давлат юридик университетининг академик лицейларини ташкил қилиш ҳамда уларнинг иқтидорли битирувчиларини “юриспруденция” йўналишидаги олий таълим муассасаларига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилиш тасдиқланди.
Шунингдек, қарорда қуйидаги бандлар ҳам белгилаб қўйилган:
– мактабларда “Ҳуқуқ синфи” ва ҳуқуқ фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда “мактаб–лицей–техникум–университет” тизимини жорий этиш;
– Адлия вазирлигининг махсус платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизимини йўлга қўйиш;
– ўқувчилар орасида “Ҳуқуқ билимдони” фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари орасида “Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси” кўрик-танловини ўтказиб бориш;
– мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалари, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловаларни яратиш.