Директор ва ўринбосарларнинг дарс бериш ҳуқуқи мавжуд. Лекин у анчагина мураккаб саналади.
Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом 14-бандига кўра халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан унинг эгаллаб турган штат бирлигидан қатъи назар, асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади.
Шу қоидага кўра директор ва унинг ўринбосарлари ўз мутахассислиги бўйича 10 соатгача дарс олиши мумкин.
Ушбу низомнинг 12-бандига мувофиқ педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ўрнини босиш тартибида умумтаълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўтилган ўқув соатлари учун ҳақ тўлашда қўлланилади.
Бунда қоида бўйича 10 соат вакант сифатида ҳудудий меҳнат органига чиқариши шарт.
Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 3271) 15-бандида мазкур масала янада аниқ тартибга солинган.
Унга кўра олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимларига дарс бериш мумкин.
Шунга кўра директор ва ўринбосарлар барча ходимлар дарс билан таъминлангандан кейин соатлар ортиб қолсагина, 10 соатгача дарс бериши мумкин. Бунда уларга ажратилган дарс соатлари вакант сифатида ҳар ойда бандлик бўлимига чиқарилади.
Агар ушбу вакант дарс соатлари учун ўқитувчи келса, раҳбар ходимлар дарсларини мазкур ўқитувчига бериши шарт.