«Шахсий маълумотлар махфий сақланади» — Миллий статистика қўмитаси раиси

«Шахсий маълумотлар махфий сақланади» — Миллий статистика қўмитаси раиси

2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбирлари амалга оширилади. Ушбу жараёнда фуқаролар томонидан тақдим этиладиган шахсий маълумотлар сир сақланиши кафолатланади ва фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Бу ҳақда 14 январь куни бўлиб ўтган брифингда Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев маълум қилган.

 

Шахсий маълумотлар махфий сақланади

 

Ҳамраевнинг таъкидлашича, рўйхатга олиш тадбирлари икки босқичда ташкил этилади. 15−31 январь кунлари фуқароларнинг ўзи онлайн рўйхатдан ўтса, 4−28 февралда «маҳалла еттилиги» тизими ходимлари томонидан уйма-уй юрилиб, планшет қурилмалари ёрдамида тўлдирилади.

 

«Рўйхатга олиш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида туман-шаҳарлар, вилоятлар ва республика миқёсида 223 та штаб фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу жараёнда иштирок этаётган «маҳалла еттилиги» тизимидаги 55 мингдан зиёд ходимлар 3 босқичда ўқитилиб, амалий жараёнлар орқали малакаси оширилди. Шунингдек, 100 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларнинг 500 дан ошиқ ходимлари тренер сифатида тайёрланди», — дейди қўмита раиси.

 

Раиснинг маълум қилишича, ахборот тизими барқарор ишлаши учун зарур сервер қувватлари ажратилган, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган. Фуқаролар томонидан тақдим этилаётган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимоя қилинади, шахсий маълумотлар махфий сақланади ва умумлашган ҳолда фақат статистик мақсадларда қўлланилади. Ушбу маълумотлар солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа назорат органларига берилмайди, 100 фоиз сир сақланиши кафолатланади.

 

Якуний маълумотлар 2027 йил 1 июлгача эълон қилинади

 

Қўмита раисининг айтишича, рўйхатга олиш билан боғлиқ барча жараёнлар халқаро тажриба ва тавсияларга мувофиқ ҳамда малакали хорижий экспертларни жалб этган ҳолда амалга оширилган, уларнинг ижобий хулосалари олинган.

 

Маълум қилинишича, рўйхатга олиш жараёнида фуқаролардан қуйидаги йўналишлар бўйича маълумотлар йиғилади:

 

Аҳоли бўйича:

 

– аҳоли сони ва таркиби (ёш, жинс);

– оилавий ҳолати;

– таълим даражаси;

– бандлик ва меҳнат фаолияти;

– яшаш жойи ва уй-жой шароити;

– ижтимоий ҳолатига оид умумий кўрсаткичлар.

 

Қишлоқ хўжалиги бўйича:

 

– қишлоқ хўжалиги ер майдонлари;

– экин турлари ва ҳосил йўналишлари;

– чорва моллари сони ва таркиби;

– фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти;

– қишлоқ хўжалиги техникаси ва ресурслари ҳақидаги маълумотлар.

 

Ҳамраевнинг сўзларига кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида Ўзбекистон бўйича аниқ, тўлиқ ва ишончли статистик маълумотлар шакллантирилади.

 

Шунингдек, Беҳзод Ҳамраев рўйхатдан ўтиш жараёнида аҳолида қандайдир саволлар туғилса, 24/7 режимда ишлайдиган ишонч телефонлари ва Cалл-марказларга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатма ўрнида айтиб ўтган.