Нега айрим педагогларга «Йил ўқитувчиси»га тавсия этилган ёки этилмаганлиги ҳақида хабар келмаган?

Нега айрим педагогларга «Йил ўқитувчиси»га тавсия этилган ёки этилмаганлиги ҳақида хабар келмаган?

Хабарингиз бор, «Йил ўқитувчиси» танловининг 1-босқичи натижалари белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди ва иштирокчиларнинг кейинги босқичга тавсия этилган ёки тавсия этилмаганлиги статуси pedagog.uzedu.uz платформасида эълон қилинди.

 

Сўнгги кунларда Талимхабарлари.уз таҳририятининг мурожаатлар ботига ўқитувчилардан «Йил ўқитувчиси» танлови бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

 

Хусусан, айрим педагоглар «танловнинг кейинги босқичига тавсия этилдингиз» ёки «тавсия этилмадингиз» мазмунидаги хабарнома келмаганини маълум қилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан таҳририят масъул мутахассислардан жавоб олди.

 

Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳозирги вақтда танлов жараёнида фақат иккинчи босқичга тавсия этилган иштирокчиларда алоҳида «статус» белгиси мавжуд.

 

«Ҳозирча фақат иккинчи босқичга тавсия этилган иштирокчиларда статус кўринмоқда. Қолган барча иштирокчиларда эса танловнинг туман босқичидаги ўрни акс этиб турибди», — дейилади изоҳда.

Маълумот учун: Танловнинг иккинчи босқичида номзодларнинг ўз фанидан дарс ўтиш маҳорати мазкур босқич баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда:

 

– синов дарслари ўтказиладиган мактаблар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади;

 

– ҳакамлар ҳайъати томонидан номзод дарс берадиган фан бўйича қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган синфда тасодифий мавзу (тақвим-мавзу режага мувофиқ) танлаб олиниб, иккинчи босқичга ўтган ўқитувчи томонидан дарс машғулоти ўтилади ҳамда 60 баллик тизимда баҳоланади;

 

– таълим ташкилотларида фаолият юритаётган номзодлар томонидан махсус платформага жойлаштирилган дарснинг видеоёзувлари 40 баллик тизимда баҳоланади.

 

Иккинчи босқич якунидан ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафардан номзод танловнинг учинчи босқичига ўтказилади. Агар иккинчи босқичда балл тенг келиб қолган тақдирда, платформа орқали педагоглар томонидан белгиланган мезонлар асосида мазкур номзодлар учун қайта овоз бериш ташкил этилади.

 

Танловнинг учинчи босқичида эса номзоднинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлиги ҳамда китобхонлиги баҳолаш мезонлари асосида тақдимот орқали 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда номзодларнинг ушбу босқичда олган баллари, аввалги босқичларда олган балларига қўшилади ҳамда туман миқёсида энг юқори балл тўплаган номзод ғолиб деб топилади.