Хабарингиз бор, жорий йил 10 январдан баҳорги семестр учун ўқишни кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризалар қабули бошланган эди. Аризалар қабули эртага 20 январь куни якунланади.
Аризалар қуйидаги шаклларда:
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий transfer.edu.uz сайти;
- Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн қабул қилиниши мумкин.
Баҳорги семестр олдидан бир олий таълим ташкилотидан бошқасига «кўчириб тиклаш» бўйича аризалар қабул қилинмайди.
Рухсат кимларга берилади?
– талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш истагидагиларга;
– давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчирмоқчи бўлганларга (тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида).
Талаб этиладиган ҳужжатлар:
– рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси;
– ўқишни кўчириш (қайта тиклаш) сабабларини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Аризалар 2026 йил 21 январдан 10 февралгача кўриб чиқилади ва натижаси юзасидан талабгорларга маълум қилинади.
