Қандай қилиб «беш» баҳолар аълочи ўқувчиларга зарар етказиши мумкин?

Қандай қилиб «беш» баҳолар аълочи ўқувчиларга зарар етказиши мумкин?

Меl.fm интернет нашри томонидан чиқарилган мақолада Жамиятшунослик ва тарих фанларидан репетитор Александра Кочакова ўз амалиётида деярли бир хил такрорланадиган муаммолардан бири мактабларда қўйиладиган баҳолар ҳақида фикр билдирди.

 

Унинг фикрича, мактабдаги баҳолаш тизими нафақат самарали тайёргарликка ёрдам бермайди, балки кўпинча унга халақит ҳам қилади. Яъни бу ўқувчилар ва ота-оналарда билимларнинг реал даражаси ҳақида нотўғри тасаввур шакллантириб, хавфли иллюзиялар ва стратегик хатоларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

 

«Мактаб ўзининг ички мантиқи асосида фаолият юритади. Бу ерда баҳо — мураккаб маъмурий-педагогик восита бўлиб, у фақат билимни эмас, балки ўқувчининг хулқи, тиришқоқлиги, расмий талабларни бажарган-бажармаганини ҳам ҳисобга олади», дейди у.

 

Кўпинча ўқитувчининг айнан ўзига хос талқинларини билиш, унинг методикасига амал қилиш ҳам баҳолашда муҳим роль ўйнайди.

 

Шу тизимда эса ёрлиқлар пайдо бўлади:

 

  • «Аълочи» — итоаткор, тиришқоқ, қоидаларга мукаммал мослашган. Унинг асосий кўникмаси — берилган материални хатосиз қайта айтиб бериш.
  • «Яхши ўқувчи» — барқарор, олдиндан айтиб бўладиган, аммо «ёрқинлик» ва чуқур қизиқишсиз. Унинг шиори: «Тўрт баҳо учун етарлисини қилиш».
  • «Уччи» — муаммоли, тартибсиз, «умидсиз».

 

Имтиҳон эса ўқувчи олдига бутунлай бошқа қоидалар ва стандартларни қўяди. Аслида, бу ўзгармас қонунлар атиги учтадир:

 

  1. Шахссизлик (объективлик). Ишни ягона қатъий мезонлар асосида бегона эксперт текширади. Яхши муносабатлар тарихи учун ҳеч ким қўшимча балл қўшмайди;
  2. Жараён эмас, натижа баҳоланади. Сиз неча кеча ухламай дарс қилганингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Муҳими — бланкадаги тўғри жавоб ёки мантиқан тўғри қурилган аргументация;
  3. Парча-парча эмас, тизимли билим талаб этилади. Имтиҳон саволлари жамиятнинг турли соҳалари ўртасидаги боғлиқликни, сабаб-оқибат, иэрархик муносабатларни кўра олишни талаб қилади. Ёдланган параграфлар ва улар учун олинган аъло баҳолар тадқиқотчи сифатида масофадан қараш қобилиятини бермайди.

 

Аълочилар учун энг қийин ҳолат

 

– Қанчалик ғалати туюлмасин, менинг амалиётимдаги энг мураккаб вазиятлардан бири — аълочилар билан ишлашдир.

 

Дарҳол айтиб ўтаман, бу барча муваффақиятли ўқувчиларга тааллуқли эмас, балки ўз кучига ҳаддан ташқари ишонадиган ўқувчилар ҳақида. Одатда улар (ёки ота-оналари) синов имтиҳонидан кейин мурожаат қилишади, у ерда кутилмаганда 55–65 балл чиқади.

 

Дастлаб қараганда вазифа оддий: амалий ва назарий бўшлиқларни аниқлаб, тайёргарлик кўрамиз. Аммо ўқувчида «мен барибир ҳаммасини биламан» деган чуқур ишонч бўлгани учун (ахир мактабда доим «аъло»), у маслаҳатларни истар-истамас қабул қилади ва тайёргарлик суст кечади.

 

Натижада, биринчи қилинадиган иш — аълочига, доимий аъло баҳоларга қарамай, билимдаги бўшлиқлар борлигини исботлаш бўлади. Бу эса психологик жиҳатдан уни ўзига бўлган ишончдан маҳрум қилишдек кўринади.

 

Аълочи мақоми ўқувчига шунчалик босим қиладики, у хато қилишга ўзига рухсат бера олмайди.

 

Шу сабабли мураккаб савол берилганда — дарсда ҳам, уй вазифасида ҳам — у одатдагидек энг юқори баҳони олишга ҳаракат қилади, мақтов кутади.

 

Агар мураккаб топшириқ ўқувчини янги билимга ундаса — бу жуда яхши. Аммо кўпинча у айёрликка олиб келади: интернетдан тайёр жавоб излаш ёки сунъий интеллектдан фойдаланиш.

 

Ҳар қандай тажрибали ўқитувчи ўқувчи ўзи бажарган иш билан сунъий интеллект ёрдамида ёзилган ишни ажрата олади. Амалиётимда шундай ҳолатлар бўлганки, ўқувчи хато қилишдан қўрқиб, онлайн дарс вақтида оғзаки саволларга жавоб топиш учун интернетдан излашга ҳам улгурарди.

 

Энг ёмони шундаки, ўзининг «мукаммал» билимини ҳаммага, жумладан ўқитувчига исботлашга уриниб, ўқувчи охир-оқибат ўзини ҳам шунга ишонтириб қўяди.

 

Бундай ҳолатга кўз юмиш — ўқувчига имтиҳон натижаси учун барча масъулиятни ўз зиммасига олишга рухсат беришдир, натижа қанчалик ачинарли бўлмасин. Аммо репетиторга ёрдам сўраб мурожаат қилишади ва менингча, бундай вазиятда лоқайдлик кўрсатиш на ўқувчига, на ота-онага нисбатан ахлоқан тўғри эмас.

 

Нима қилиш мумкин?

 

Ўқитувчининг фикрича, дастлабки 2–3 машғулот — бу дарс эмас, балки тадқиқот. Биз мактаб ёрлиқларини четга суриб, чуқур диагностика ўтказамиз. Асл бўшлиқларни аниқлаб, билимларга реал баҳо бериш зарур. Репетиторнинг объектив ва тўлиқ таҳлили муаммони ҳал қилишнинг калитидир. Шу билан бирга, машғулотларда баҳо қўйишдан қочган маъқул. Ўқувчига имтиҳонга тайёргарлик доирасида қайси мавзулар ва аниқ кўникмаларни кучайтириш кераклигини кўрсатган ҳолда фикр-мулоҳаза бериш самаралироқ бўлади.

 

Ўқувчини имтиҳон баҳолаш мезонлари билан таништириш. Бу қадам мактаб талаблари билан имтиҳон талаблари ўртасидаги фарқни англашга ёрдам беради. Тайёр ишларни эксперт нигоҳи билан кўриб, қайси жавоб учун қанча балл берилишини тушуниш ўқувчининг фикрлаш йўналиши ва жавоб бериш алгоритмини тўғрилайди.

 

Фақат беш баҳо олишга ўрганиш муқаррар равишда хато қилишдан қўрқуваҳмоқ бўлиб кўринишдан қўрқувни келтириб чиқаради. Аммо ҳар қандай ўрганиш йўлининг бошида биз у ёки бу даражада билимсизмиз. Ўз камчиликларимизни тан олиш ривожланишга ундайди. Қанчалик эрта «мукаммал аълочи» стереотиплар юкидан халос бўлса, шунчалик унинг ҳақиқий 100 баллни қўлга киритиш имконияти юқори бўлади.