Сўнгги йилларда рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши натижасида мактабгача ёшдаги болалар ҳаётида экранлардан фойдаланиш кескин ошди. Смартфон, планшет ва телевизор орқали кўрсатиладиган турли контент болалар кундалик фаолиятининг муҳим қисмига айланган.
Хитойлик тадқиқотчилар томонидан ўтказилган навбатдаги илмий тадқиқот ота-оналар билан биргаликда китоб ўқиш мактабгача ёшдаги болаларда тил ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларнинг яхшироқ ривожланишига хизмат қилишини кўрсатди. Тадқиқот натижалари «Computers in Human Behavior» илмий журналида эълон қилинган.
Тадқиқот Хитойнинг Ланчжоу шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 202 нафар бола ва уларнинг ота-оналари иштирокида олиб борилди. Кузатув жараёнида болаларнинг кундалик фаолияти, хусусан, экран қаршисида ўтказган вақти, ота-оналари билан бирга китоб ўқиши ҳамда улар билан биргаликда ўйин ўйнаши мунтазам равишда қайд этиб борилди.
Тадқиқот давомида болаларга экран орқали маърифий ва кўнгилочар контент намойиш этилди. Ушбу контентни болаларнинг мустақил равишда ёки ота-оналари билан биргаликда томоша қилиши алоҳида таҳлил қилинди. Болаларнинг ривожланиш даражаси тил кўникмалари, ҳис-туйғуларни англаш ҳамда ижтимоий меъёрларни тушуниш бўйича стандартлаштирилган тестлар ёрдамида баҳоланди.
Таҳлил натижалари ота-оналари билан мунтазам ва кўпроқ вақт давомида китоб ўқиган болаларда тил ривожи сезиларли даражада юқори эканини кўрсатди. Бундай болалар сўз бойлиги, фикрни ифодалаш ва мулоқотга киришиш борасида яхшироқ натижаларни намоён этган. Шунингдек, улар ижтимоий вазиятларни тезроқ англаш, ҳис-туйғуларни тушуниш ва бошқалар билан самарали муносабат ўрнатиш қобилиятига эга экани аниқланган.
Аксинча, экран қаршисида кўп вақт ўтказган болаларда тил ривожланиши ва ижтимоий-ҳиссий кўникмалар пастроқ бўлгани кузатилди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳатто маърифий экран контенти ҳам ота-она билан юзма-юз мулоқот ва биргаликда ўқиш жараёнида юзага келадиган ҳиссий боғланишнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Экран орқали билим олишда жонли мулоқот, мимика, овоз оҳанги ва ижтимоий ўзаро таъсир етишмайди.
Олимлар таъкидлашича, ота-она билан китоб ўқиш жараёни болага нафақат янги сўзлар ва тушунчаларни ўргатади, балки унда ҳиссий хавфсизлик, ишонч ва ижтимоий яқинлик туйғуларини ҳам шакллантиради. Бу эса болаларнинг умумий ривожланишида муҳим роль ўйнайди.
Тадқиқот натижалари мактабгача ёшдаги болалар тарбиясида экран вақтини чеклаш ва ота-она иштирокидаги ўқиш ҳамда биргаликдаги фаолиятларга устувор аҳамият бериш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ота-она билан бирга китоб ўқиш болаларнинг тил салоҳияти, ижтимоий мослашуви ва ҳиссий барқарорлигини ривожлантиришда энг самарали усуллардан бири ҳисобланади.
