Ўқувчи дарс жараёнида хулқ-атвори билан машғулотларга ҳалақит берса, унга бевосита чора кўрилмайди. Бундай ҳолатда маъмурий жавобгарлик ўқувчининг ота-онасига қўлланилиши мумкин.
Бу тартиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31 августдаги 282-сон буйруғига 1-иловада тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидаларида белгиланган.
Мазкур ҳужжатнинг 14-бандига кўра, ўқувчи дарсда:
— тегишли дарслик ва зарур ўқув қуроллари билан иштирок этиш;
— дарсларда ўқув жараёни билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга чалғимаслик;
— ўқитувчига мурожаат қилмоқчи ёки саволига жавоб бермоқчи бўлганда қўлини кўтариб рухсат сўраш;
— санитария-гигиена ва техника хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилиши шарт.
Агар ўқувчи ушбу талабларни мунтазам равишда бузса, унинг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, бундай ҳолат бир йил ичида такрор содир этилса, ота-онага базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.
