Мактабларда «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари фаолияти йўлга қўйилади

Мактабларда «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари фаолияти йўлга қўйилади

Президентнинг 2026 йил 15 январда «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–9-сон қарори қабул қилинди.

 

Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади унинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.

 

Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши белгиланди:

 

– танлов орқали ёш ёзувчилар учун грантлар ажратиш ва асарларини нашр этиш, болалар адабиёти йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;

 

– танлов орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида 1 йилгача БҲМнинг 50 баравари миқдорида ҳар ой ҳақ тўлаш;

 

– энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва миллий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилишда нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизини қоплаш;

 

– васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда мукофот тўлаш.

 

2026 йил 1 февралдан:

 

  • аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича «Китоб – маърифат манбаи» дастури амалга оширилади;
  • давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олинади;
  • транспортларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилади, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилади.

 

Умумтаълим муассасаларида «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари ташкил этилади:

 

– клуб аъзолари ўртасида китоб таҳлилига бағишланган дебатлар ўтказилади;

 

– мактабларда клуб аъзоларига йилига камида 20 та китоб ўқитиб борилади;

 

– ҳар чоракда туман(шаҳар) кесимида энг фаол «Жадидлар изидан» китобхонлик клублари аъзолари рағбатлантирилади.

 

Маълумот учун, Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (1 одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланди.