«WorldSkills Asia Taipei 2025» доирасида ўтказилган нуфузли халқаро мусобақада Сирдарё вилояти Ширин энергетика техникуми ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадов электр монтаж йўналишида Ўзбекистон номидан иштирок этиб, Best of Nation — «Миллат фахри» мукофотига сазовор бўлди.
Таъкидланишича, бу ютуқ унга «WorldSkills Shanghai 2026» олимпиадасида қатнашиш имконини берган.
«Ёшлигимдан устачилик ва электр соҳасига қизиқишим кучли бўлган. Соҳани яхши ўрганиш учун техникумга ўқишга кирдим. Ўқиш давомида бу «WorldSkills Asia Taipei 2025» танловида қатнашдим. Мусобақа 3 босқичда бўлди: умумий 7 соатдан 2 кун, 3-кун 4 соат давом этди. Бир нечта давлатдан бу мусобақа учун 5-6 йиллаб тайёрланган кучли иштирокчилар бор эди. Бу биринчиси бўлгани учун кучли ҳаяжон ва катта тажриба бўлди. Ўзбекистон қатнашчиларидан энг баланд балл олган ўқувчи ва саноқли мукофотлардан бирига эришдим.
Ҳозирда 2026 йил Шанхайда бўлиб ўтадиган «WorldSkills Shanghai 2026» чемпионати учун тайёргарликни бошлаганмиз».
Маълумот учун, агар Шанхайдаги мусобақада ғолиб бўлса, Иқболмирзо Абдусамадов Ўзбекистон Президентининг қарорига асосан 1 миллиард 30 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланиши кутилмоқда.
