Бугундан мустақил изланувчиликка аризалар қабули бошланди

Бугундан мустақил изланувчиликка аризалар қабули бошланди

Бугун, 15 январдан мустақил изланувчиликка аризалар қабули бошланди. Жараён https://daraja.ilmiy.uz/ — электрон тизими орқали амалга оширилади.

 

Мустақил изланувчилик — бу фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science, DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашга йўналтирилган олий таълимдан кейинги таълим шакли.

 

Эслатма: Мустақил изланувчиликка ариза топширишда хорижий тил сертификати талаб этилмайди.

 

Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан илмий ташкилот ёки таълим муассасасига Ягона электрон тизим орқали мурожаат қилади:

 

— қисқача биографик маълумотнома;

 

— фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун магистрлик ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;

 

— меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;

 

— илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;

 

— фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;

 

— иш жойидан тавсифнома.

 

Маълумот учун, талабгорлар ҳужжатлари илмий ёки таълим ташкилот томонидан кўриб чиқилиб қабул қилинади ёки рад этилади. Шунингдек, юқорида белгиланган муддатларда талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилиниши лозим.

 

Муҳим: Тиббиёт фанлари бўйича мустақил изланувчи сифатида расмийлаштиришда илмий ташкилот ёки таълим муассасасининг Коллегиал органи қарори билан талабгордан клиник ординатурани (магистратурани) тугатгандан сўнг ёки илмий даражани олганидан сўнг илмий, илмий-педагогик ёки амалий иш стажига (икки йилдан тўрт йилгача бўлган муддатда) эга бўлиши талаб этилиши мумкин.