Таълим соҳасида ҳарбийларга қандай имтиёзлар ажратилади?

Таълим соҳасида ҳарбийларга қандай имтиёзлар ажратилади?

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни. Ушбу кун арафасида тинчлигимиз посбонларининг фарзандлари учун давлат томонидан кафолатланган барча таълим имтиёзларини эслатиб ўтамиз.

 

Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг машаққатли хизмати инобатга олиниб, уларнинг оилаларига боғчадан тортиб олий таълимгача қатор ижтимоий енгилликлар жорий этилган.

 

Хусусан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳарбийларнинг, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг болалари давлат боғчаларига имтиёзли рўйхат бўйича (навбатсиз ёки устувор) қабул қилинади.

 

Шунингдек, ўрта таълим муассасалари, шунингдек вазирликларнинг болалар соғломлаштириш лагерларига навбатсиз қабул қилинади.

 

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади.

 

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, намунавий интизом ва юқори натижалар кўрсатган хизматчиларга тавсиянома берилади. Бу тавсиянома 3 йил мобайнида амал қилади. Ушбу хизматчилар Олий ҳарбий таълим муассасаларига киришда қўшимча балл (50%) олади ва ОТМ бакалавриатига кириш учун алоҳида квоталар бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимларининг фарзандларига олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун 5 фоизли квота ҳамда бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларининг бакалавриатига танловсиз қабул қилиниш тўғрисида тавсияномалар берилади.

 

Аскарларга ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади.

 

Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.