Америкалик таржимон ва шарқшунос олим Марк Риз 2025 йил декабрь ойида linkedin.com ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаган мурожаатида Андижон давлат чет тиллари институти томонидан инглиз тилига таржима қилган Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» (Bygone Days) асарини рухсатсиз электрон шаклда тарқатилганлиги билдирган.
Суд қарорига асосан мазкур иш 2026 йил 6 январь куни жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилган.
Марк Риз томонидан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган мурожаат Андижон вилояти адлия бошқармасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўрганилган.
Текширув жараёнида Андижон давлат чет тиллари институтининг ахборот-кутубхона ресурсларини шакллантириш, каталоглаштириш ва тизимлаштириш бўлими раҳбари Н.Р. муаллифлик ҳуқуқини берувчи шартнома тузмасдан, 2025 йил 28 март куни Марк Ризга тегишли «Bygone Days» асарининг электрон нусхасини институтнинг Telegram каналига жойлагани аниқланган.
Суд мажлисида Н.Р. ўз айбига иқрор бўлиб, қилган иши нотўғри эканини тан олган. Шунингдек, у асарнинг электрон шаклини Telegram каналидан олиб ташлаганини, келгусида бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслигини билдирган. У оиласида ягона боқувчи экани, вояга етмаган икки нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, унга нисбатан енгиллик қўллашни сўраган.
Н.Р.нинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177–1-моддаси 1-қисмига (муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузиш) мувофиқ тўғри баҳоланган бўлиб, унинг айби судда берган кўрсатмалари, шунингдек, Андижон вилояти адлия бошқармасининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан расмийлаштирилган баённома, тушунтириш хати ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Суд қарорига биноан, Н.Р. мазкур моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 375 минг сўм (БҲМнинг 1 баравари) миқдорида жарима тайинланган.
Шу билан бирга, суд ҳуқуқбузарлик 2025 йил 28 март санасида содир этилганини инобатга олиб, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг эски таҳрирдаги 177–1-моддаси 1-қисми асосида кўриб чиқиш лозим, деган хулосага келган.
Марк Риз Facebookʼдаги саҳифаси орқали суд қарорига нисбатан муносабат билдирди.
Ҳолат юзасидан Андижон давлат чет тиллар университети томонидан расмий муносабат билдирилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, институт Ахборот-ресурс маркази (АРМ) бўлим мудири Н.Рустамова томонидан ўзига бириктирилган Telegram каналига муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган бошқа олийгоҳ томонидан электрон шаклга келтирилган Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» («Bygone Days») асари (Марк Рииз таржимаси) рухсатсиз жойлаштирилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат маълум бўлиши биланоқ, институт раҳбариятининг кўрсатмасига асосан ушбу электрон ресурс 2025 йил 3 декабрь куни зудлик билан тармоқдан ўчириб ташланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 2026 йил 6 январдаги 3-1701-2604/113-сонли қарорига мувофиқ, масъул ходимга нисбатан қонуний чора кўрилиб, жарима жазоси тайинланган.
Аввалроқ, айнан шу мавзуда муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги сабаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жавобгарликка тортилган эди.
Шунингдек, ЎзДЖТУ ректори АҚШлик таржимон билан боғлиқ низога муносабат билдиргани ҳақида хабар берган эдик.
