«Йил ўқитувчиси» танловининг 1-босқичи натижалари белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди ва иштирокчиларнинг кейинги босқичга тавсия этилган ёки тавсия этилмаганлиги статуси pedagog.uzedu.uz платформасида эълон қилинди.
Натижаларингиз билан Педагог платформасида «Мурожаатларим» бўлимидаги «Йил ўқитувчиси натижаси» қисми орқали танишишингиз мумкин.
Танловнинг иккинчи босқичида номзодларнинг ўз фанидан дарс ўтиш маҳорати мазкур босқич баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда:
– синов дарслари ўтказиладиган мактаблар рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади;
– ҳакамлар ҳайъати томонидан номзод дарс берадиган фан бўйича қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган синфда тасодифий мавзу (тақвим-мавзу режага мувофиқ) танлаб олиниб, иккинчи босқичга ўтган ўқитувчи томонидан дарс машғулоти ўтилади ҳамда 60 баллик тизимда баҳоланади;
– таълим ташкилотларида фаолият юритаётган номзодлар томонидан махсус платформага жойлаштирилган дарснинг видеоёзувлари 40 баллик тизимда баҳоланади.
Иккинчи босқич якунидан ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафардан номзод танловнинг учинчи босқичига ўтказилади.
Иккинчи босқичда балл тенг келиб қолган тақдирда, платформа орқали педагоглар томонидан белгиланган мезонлар асосида мазкур номзодлар учун қайта овоз бериш ташкил этилади.
Танловнинг учинчи босқичида номзоднинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлиги ҳамда китобхонлиги баҳолаш мезонлари асосида тақдимот орқали 100 баллик тизимда баҳоланади.
Бунда номзодларнинг ушбу босқичда олган баллари, аввалги босқичларда олган балларига қўшилади ҳамда туман миқёсида энг юқори балл тўплаган номзод ғолиб деб топилади.
