2026 йил 15 январдан мустақил изланувчиликка аризалар қабули бошланади. Жараён Ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.
Мустақил изланувчилик — бу фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science, DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашга йўналтирилган олий таълимдан кейинги таълим шаклидир.
Эслатма: Мустақил изланувчиликка ариза топширишда хорижий тил сертификати талаб этилмайди.
Мустақил изланувчиликка талабгор қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан илмий ташкилот ёки таълим муассасасига Ягона электрон тизим орқали мурожаат қилади:
— қисқача биографик маълумотнома;
— фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун магистрлик ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун) ёки олий маълумот (мутахассислик дастури бўйича) тўғрисидаги диплом нусхаси;
— меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;
— илмий ишлар рўйхати ва уларнинг нусхаси;
— фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчи сифатида расмийлаштириш учун фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) дипломи ёки хорижда олинган унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар дипломи нусхаси;
— иш жойидан тавсифнома.
Маълумот учун, талабгорлар ҳужжатлари илмий ёки таълим ташкилот томонидан кўриб чиқилиб қабул қилинади ёки рад этилади. Шунингдек, юқорида белгиланган муддатларда талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилиниши лозим.
Муҳим: Тиббиёт фанлари бўйича мустақил изланувчи сифатида расмийлаштиришда илмий ташкилот ёки таълим муассасасининг Коллегиал органи қарори билан талабгордан клиник ординатурани (магистратурани) тугатгандан сўнг ёки илмий даражани олганидан сўнг илмий, илмий-педагогик ёки амалий иш стажига (икки йилдан тўрт йилгача бўлган муддатда) эга бўлиши талаб этилиши мумкин.
