B+ сертификати бор бошланғич таълим ўқитувчилари касбий сертификатлашдан «тўғридан-тўғри ўтган» деб ҳисобланиши мумкин

B+ сертификати бор бошланғич таълим ўқитувчилари касбий сертификатлашдан «тўғридан-тўғри ўтган» деб ҳисобланиши мумкин

Муҳокамалар порталига «Бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Низом лойиҳаси жойлаштирилди.

 

Лойиҳага мувофиқ малака имтиҳони натижаларига кўра, сертификат талабини бажарган бошланғич таълим ўқитувчиларига уч йил муддатга амал қиладиган А+, А, B+, B, C+, C даражали электрон сертификат берилади.

 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида, тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлаб борилади.

 

Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

 

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчилар педагогик кадрларни касбий сертификатлашдан тўғридан-тўғри ўтган деб ҳисобланади.