Ижтимоий тармоқларда ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали баҳорги семестр олдидан ўқишни кўчириш хизматидан фойдаланиш бўйича муаммолар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Вазирлар Маҳкамасининг 578-сон қарори (13.09.2025 й.) билан тасдиқланган низомга мувофиқ, баҳорги семестр учун ОТМ талабалари ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) давом этиши белгиланган.
Унга кўра, Олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш Вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бири (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали амалга оширилади.
Аммо ягона интерактив давлат хизматлари порталида бу хизмат ойнаси йўқ.
Талимхабарлари.уз интернет нашри вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ягона интерактив давлат хизматлари портали билан боғланди. Операторларнинг берган хабарига кўра, бу хизмат тури my.gov.uz порталига ҳали қўшилмаган.
Ҳозир аризаларни фақат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг transfer.edu.uz сайти орқали онлайн топширишингиз мумкин.
Вазирлик маълумот берган хабарда иккаласи ҳам кўрсатилганди, бироқ my.gov.uz орқали аризалар қабул қилинмаяпти. Қарорда у ёки бу орқали қабул қилиниши мумкин деб ёзилган.
