Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг хабар қилишича, бугун 11 январь куни Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган абитуриентлардан 20 нафари саломатлиги ёмонлашгани юзасидан Тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушган.
Беморлар зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб кетилган.
Маълумотларга кўра, Вилоят ҳокимининг тезкор топшириғи билан Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳодиса жойига етиб борилган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган.
«Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча 20 нафар беморнинг аҳволи яхшиланди ва улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилди. Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилди. Айни пайтда барчасининг аҳволи қониқарли, шикоятлари мавжуд эмас.
Беморлардан тегишли қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилди. Экспертиза натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади хабарда.
