«Филология ва тилларни ўқитиш» йўналиши талабаларига 3-курсдан ўқитувчи сифатида ишлашига рухсат берилмайдими?

«Филология ва тилларни ўқитиш» йўналиши талабаларига 3-курсдан ўқитувчи сифатида ишлашига рухсат берилмайдими?

Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 8-бандига кўра, олий таълим муассасасининг педагогика йўналишларида кундузги, кечки, сиртқи бўлимларнинг 3-курсида ўқиётган шахслар педагогик ишни амалга ошириш учун қўйилиши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

 

Мазкур қарорнинг 8-банди аниқ айтади: фақат педагогика йўналишларида таҳсил олаётган 3-курс ва ундан юқори босқич талабаларига педагогик иш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

 

Ҳужжатдаги расмий таснифга кўра эса «Филология ва тилларни ўқитиш» — бу гуманитар фанлар йўналишига киради, педагогика йўналишига кирмайди.

 

Демак, агар талаба «Филология ва тилларни ўқитиш» йўналишида ўқиса, у қарорда назарда тутилган «педагогика йўналиши» талабаси ҳисобланмайди. Шу боис унга автоматик равишда 275-сон қарордаги имтиёз (3-курсдан педагогик ишга киришиш ҳуқуқи) татбиқ этилмайди.

 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юридик жиҳатдан — филология йўналиши педагогика йўналиши ҳисобланмайди, демак 275-сон қарор нормаси уларга тўғридан-тўғри тааллуқли эмас.

 

Аввалроқ, талабаларга 1 ставка асосида ишлашга рухсат берилиши ҳақида хабар берган эдик.