Ўқишни кўчириш юзасидан берилган энг долзарб саволларга жавоблар

Ўқишни кўчириш юзасидан берилган энг долзарб саволларга жавоблар

Хабар берганимиздек, 10 январдан баҳорги семестр учун олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш бошланади. Ушбу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрь 2025 йилдаги 578-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ўқишни кўчириш қачон амалга оширилади?

 

Олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш бир ўқув йилида икки марта:

 

– кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 15 июлдан 5 августгача (5 август куни ҳам);

 

– баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) электрон платформа орқали амалга оширилади.

 

Баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин талабалар ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига кўчириб тиклаш тўғрисидаги аризалар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.

 

Аризалар қанча муддатда кўриб чиқилади?

 

Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш:

 

– кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 6 августдан 30 августгача (30 август куни ҳам);

 

– баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 21 январдан 10 февралгача (10 февраль куни ҳам) амалга оширилади.

Аризалар қандай топширилади?

 

Ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризаларни рўйхатдан ўтказиш Вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бири (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан қабул қилиниши ҳам мумкин.

 

Баҳорги семестр олдидан хорижий ёки нодавлат олий таълим ташкилотлари талабалари ҳам ўқишини кўриши мумкинми?

 

Йўқ. Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) тўғрисидаги аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача (5 август куни ҳам) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтказилади.

 

Баҳорги семестр олдидан ўқишни кўчириш ҳамма талабаларга тааллуқлими?

 

Йўқ. баҳорги семестр олдидан фақат қуйидаги узрли сабабларга кўра, ўқишни кўчириш мумкин:

 

– талаба турмуш қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишни кўчириш учун мурожаат қилганда;

– давлат органлари ходимларининг иш жойи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзгартирилган тақдирда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди муайян вазирлик ёки идора раҳбари тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.

 

Бир таълим шаклидан бошқасига ўқишни кўчирса бўладими? Масалан, кундузгидан кечкига, сиртқидан кундузгига ўтказса (перевод қилса) бўладими?

 

Ҳа, бир таълим шаклидан бошқасига ўқишни кўчириш мумкин, лекин барча ҳолларда ҳам эмас. Қуйида бирма-бир кўриб чиқамиз.

 

Кундузги таълимдан қуйидагиларга кўчириш рухсат этилади:

 

– кундузги;

 

– сиртқи;

 

– кечки (сменали).

Кундузги таълимдан махсус сиртқига кўчириб бўлмайди.

 

Сиртқи таълимдан рухсат этилади:

 

-сиртқи (фақат бир таълим соҳаси доирасида);

 

– кечки (сменали).

Сиртқи таълимдан кундузги ҳамда махсус сиртқи таълимга кўчириб бўлмайди.

 

Кечки таълимдан рухсат этилади:

 

– кечки таълим (фақат бир таълим соҳаси доирасида);

 

– кечки таълимдан сиртқи ҳамда махсус сиртқи таълимга кўчириб бўлмайди.

Махсус сиртқи таълимдан бошқа таълим шаклига кўчириб бўлмайди, ўз навбатида бошқа таълим шаклларидан махсус сиртқига кўчириш талаби ҳам рад этиш учун асос бўлади. Фақат махсус сиртқида бир таълим соҳаси доирасидагина кўчиришга рухсат этилади.

 

Бир давлат ОТМи ичида йўналиш ёки таълим шаклини (кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий) ўзгартириш мумкин. Бунинг учун 5 августгача transfer.edu.uz сайтида ариза топширилади. Қабул қилиш қарори – ОТМ ректорининг ваколатида.

 

Қандай сабабларга кўра ўқишни кўчириш рад этилиши мумкин?

 

— хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим ташкилотларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;

 

— олий таълим ташкилотларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;

 

— биринчи курснинг биринчи семестрига ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);

 

— олий таълим ташкилотида мос (турдош) таълим йўналиши (мос мутахассислик) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;

 

— тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;

 

— талабанинг шахсий йиғмажилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

 

— олий таълим ташкилотига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклашда давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул параметрлари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;

 

— олий таълим ташкилоти моддий-техник базасининг имконияти чекланганда;

 

— мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига ёхуд бошқа олий таълим ташкилотига;

 

— бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;

 

— талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб, қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);

 

— қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Шунингдек, талабани ўқимаган семестрдан кейинги семестрга ўқишга тавсия этишга рухсат берилмайди.