Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида имконияти чекланган болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлингани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.
Аввал хабар қилганимизде, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ишчи гуруҳи мазкур ҳолатни ўрганилаётганлигини хабар қилган эди.
Бошқарма томонидан ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Унга кўра, текширув жараёнида тегишли масъуллар иштирокида тарбиячиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилган. Натижада қўполликка йўл қўйган тарбиячилар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Шунингдек, Болалар омбудсмани ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокида ота-оналар ва тарбиячилар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.
«Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси болаларга нисбатан бундай муносабатни қатъиян қоралайди ва келгусида шундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўради.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳозирда таъмирлаш жараёнида бўлиб, тарбияланувчилар вақтинча ёндош ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилган. Ҳолат айнан ушбу вақтинчалик жойда содир бўлган», – дейилади расмий муносабатда.
