Қандай ҳолатларда ўқишини кўчириш ҳақидаги аризага рад жавоби берилади?

Қандай ҳолатларда ўқишини кўчириш ҳақидаги аризага рад жавоби берилади?

Хабарингиз бор, бугундан баҳорги семестр учун олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш бошланади. Аризаларни қабул қилиш 20 январгача (20 январь куни ҳам) давом этади.

 

Савол: Қандай ҳолатларда ўқишини кўчириш ҳақидаги аризага рад жавоби берилади?

 

Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрь 2025 йилдаги 578-сонли қарорига мувофиқ, қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:

 

— хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим ташкилотларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;

 

— олий таълим ташкилотларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;

 

— биринчи курснинг биринчи семестрига ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);

 

— олий таълим ташкилотида мос (турдош) таълим йўналиши (мос мутахассислик) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;

 

— тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;

 

— талабанинг шахсий йиғмажилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

 

— олий таълим ташкилотига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклашда давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул параметрлари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;

 

— олий таълим ташкилоти моддий-техник базасининг имконияти чекланганда;

 

— мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига ёхуд бошқа олий таълим ташкилотига;

 

— бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;

 

— талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб, қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);

 

— қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

 

Шунингдек, талабани ўқимаган семестрдан кейинги семестрга ўқишга тавсия этишга рухсат берилмайди.