Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёда вилоятдаги барча техникум ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги, шунингдек, далага чиқариб, дарахт эктирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Касбий таълим агентлиги ахборот хизмати муносабат берди.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Сурхондарёда ҳам ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда» сарлавҳали хабарда келтирилган ҳолат Касбий таълим агентлиги томонидан назоратга олинган. Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганиш натижаси юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилади.
Шу ўринда, фуқаролар ва жамоатчиликда ушбу ҳолат юзасидан аниқ далилий маълумотлар мавжуд бўлса Агентликка тақдим этишлари сўралади — дейилади хабарда.
Аввалроқ, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчиларни «мажбурий меҳнатга жалб этилгани» учун мактаб директори 42 млн сўм миқдорида жаримага тортилган. Педагогларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.
