Хабар берганимиздек, бувайдалик ўқитувчиларнинг расман дам олиш кунлари ҳам мактабда қолиб туну кун навбатчилик қилганига оид мурожаати эълон қилинганди. Унга кўра, 37-мактаб директори Ҳасанбой Нишонов имзолаган ва муҳр қўйилган буйруқ асосида педагоглар 13 сутка туну кун мактабда бўлишга мажбурланган.
Кун.уз хабарига кўра, Мактаб директори қабул қилган ушбу буйруқнинг келиб чиқиш нуқтаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ва ҳукуматга боғланяпти.
Хабар қилинишича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) грифи билан ҳудудий бошқармаларга топшириқ хати йўлланган. Унда ходимлардан ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда белгиланган муддатлар, яъни 2025 йил 25 декабридан 2026 йил 5 январига қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган.
Хат мазмуни «Вазирлар Маҳкамасининг 20 декабрдаги 245-сонли баёни ижросини таъминлаш мақсадида» деб бошланади.
Ҳукуматнинг мазкур баёнда (баённинг 28-банди) 25 декабрдан 2025 йил 5 январга қадар Вазирлар Маҳкамасида туну кун ишлайдиган Республика штаби фаолияти ташкил этилиши, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари шу саналар оралиғида 24 соатлик узлуксиз навбатчилик ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, айни хабар тармоқларда тарқалгач, Бувайдадаги 37-мактаб директори ўқитувчиларга уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклаганлиги сабабли ишдан олинганди.

