Ижтимоий тармоқларда тарқалган ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига чекловлар жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Унга кўра, шу мазмундаги хабарлар тарқалгач, Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланган.
«Сўнгги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига гўёки чекловлар жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур маълумотлар жамоатчиликда табиий равишда муайян хавотир уйғотди.
Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган», — дейилади хабарда.
Шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида «Ўзбек тили ва адабиёти» факультетини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинган.
4