Университетда дарс соатлари тақсимланиш тартиби қандай?

Университетда дарс соатлари тақсимланиш тартиби қандай?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарорига 1-иловада тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига кўра, кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25 — 30 академик соатлик ўқув юкламасига тенг.

 

Яъни талаба муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур. Ўқув юкламаси бакалавриатда:

 

– 40 — 50% аудитория соати;

– 50 — 60% мустақил иш соатига.

Магистратурада:

 

– 30% — 40% аудитория соати;

– 60-70% мустақил иш соатига (малакавий амалиёт ва битирув малакавий ишлари бундан мустасно) бўлинади.

 

Бунда кредитнинг соатлардаги миқдори ва ўқув юкламаси миқдори олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланади ва олий таълим муассасаси веб-саҳифасида шаффоф тарзда жойлаштирилади.

 

Агар 1-курсда 5 кредитли фан бўлса, унда шу фан учун жами соатлар миқдори 125 соатни ташкил этади. Бунда 50 соат аудитория соати (лекция ва семинарни қўшган ҳолда, масалан 20 соат лекция, 25 соат семинар ва 5 соат баҳолаш учун) ва 75 соат мустақил иш учун ажратилади. 6 кредитли фан бўлса юқоридаги меъёр 150 умумий, 60 аудитория ва 90 мустақил иш учун ажратилади.