Талаба қандай ҳолатларда академик таътил олиши мумкин?

Талаба қандай ҳолатларда академик таътил олиши мумкин?

Академик таътил бериш тўғрисидаги низомга мувофиқ, талабалар ўз ихтиёрига кўра, қайси таълим шаклида таҳсил олишидан қатъий назар академик таътил олиш ҳуқуқига эга.

 

Академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:

 

— ҳарбий хизматни ўташ учун;

— саломатлигини тиклаш учун;

— ҳомиладорлик ва туғиш учун;

— болаларни парвариш қилиш учун;

— оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун академик таътил берилади.

 

Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати қай тартибда кўриб чиқилади?

 

Академик таътил олиш учун талаба томонидан ОТМ ректори (директори) номига ариза билан мурожаат қилинади.

 

Аризага академик таътил олиш учун сабаб бўлган ҳолатни асословчи ҳужжат (талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози ёки талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси ёхуд оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси) илова қилинади.

 

Мурожаат бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиб, таътил бериш ОТМ ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади. Унда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилади.

 

Талабага академик таътил берилиши уни олий таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди. Шунингдек, талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.

 

Академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган талабаларга илгари ўзлаштирилган фанларни қайта ўзлаштириш мажбурияти юклатилмайди.