2025 йилда Ўзбекистон олий таълим тизими кенгайган бўлиб, талабалар сони 1,7 миллионга етган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг сарҳисоб брифингида маълум қилинди.
Ҳудудий ва кадрлар тайёрлаш ихтисослашуви жиҳатидан яқин бўлган 29 та олий таълим ташкилоти негизида 12 та янги олий таълим ташкилоти ташкил этилган. Ҳозирда республикада жами 207 олий таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улардан 32 таси хорижий олий таълим муассасаси ёки уларнинг филиаллари, 74 таси нодавлат олийгоҳлари ва 101 таси давлат олий таълим ташкилотлари ҳисобланади.
Олий таълим билан қамров даражаси ҳам ошган. Бугунги кунда олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар сони 1,7 миллионни ташкил этади. Бу 2017 йилга нисбатан 6 баробар кўпдир, ёшларни олий таълим билан қамров даражаси эса 44 фоиздан ошган.
2025 йилда масофавий таълим шакли кенгайтирилиб, кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари сони 21 тадан 52 тага етган. Шунингдек, магистратура мутахассисликлари бўйича кечки ва масофавий таълим шакллари жорий этилган.
Профессор-ўқитувчилар салоҳиятини оширишга ҳам эътибор қаратилган. 6 139 нафар профессор-ўқитувчи хорижда малака оширган, 3 859 нафар хорижий профессор-ўқитувчи эса ўқув жараёнига жалб қилинган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024/2025 ўқув йили бошида Ўзбекистон олий таълим ташкилотларида профессор-ўқитувчи ходимлар сони 49,6 минг кишини ташкил этган. Бу 2020/2021 ўқув йилига нисбатан 17,5 мингга, яъни 54,5 фоизга кўп.
Профессор-ўқитувчиларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти қуйидагича:
— Қорақалпоғистон Республикаси — 2,7 минг
— Андижон вилояти — 3,1 минг
— Бухоро вилояти — 3,2 минг
— Жиззах вилояти — 2,1 минг
— Қашқадарё вилояти — 2,2 минг
— Навоий вилояти — 1,1 минг
— Наманган вилояти — 2,3 минг
— Самарқанд вилояти — 4 минг
— Сурхондарё вилояти — 2 минг
— Сирдарё вилояти — 0,7 минг
— Тошкент вилояти — 2,5 минг
— Фарғона вилояти — 2,7 минг
— Хоразм вилояти — 2,1 минг

