Вазирлар Маҳкамасининг 578-сон қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, баҳорги семестр учун олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризаларни қабул қилиш муддатига ўзгартириш киритилган.
Унга кўра, энди ариза топшириш муддати ҳар йили 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) амалга оширилади.
Аризалар қуйидаги шаклларда:
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий transfer.edu.uz сайти;
– Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн;
– Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан ташкил этиладиган ҳудудий Ишчи гуруҳлари томонидан қабул қилиниши ҳам мумкин.
Талаб этиладиган ҳужжатлар:
– рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси;
– ўқишни кўчириш (қайта тиклаш) сабабларини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Муҳим эслатмалар:
– баҳорги семестр олдидан бир олий таълим ташкилотидан бошқасига «кўчириб тиклаш» бўйича аризалар қабул қилинмайди.
– 1-босқич (1-курс) 1-семестрига ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди (истисно ҳолатлар бундан мустасно).
– ўқишни кўчиришда фанлар фарқи 4 тадан ошмаслиги, GPА кўрсаткичи эса камида 2,4 бўлиши лозим.
Аризалар белгиланган тартибда олий таълим ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Давлат комиссияси томонидан 21 январдан 10 февралгача (10 февраль куни ҳам) кўриб чиқилади ва натижалар абитуриентларга маълум қилинади.
