Хитойлик ўқитувчи пластик идишлардан ясалган «сув ракетаси»ни учирди

Хитойлик ўқитувчи пластик идишлардан ясалган «сув ракетаси»ни учирди

Хитойнинг Jiangxi  вилоятидаги ўқитувчи ўқувчилари билан биргаликда икки босқичли сув ракетасини ясаган.

 

Қайд этилишича, ракета оддий пластик идишлар ва сув ёрдамида тайёрланган бўлиб, сув ва ҳаво босими принциплари асосида учирилган.

 

Ракетанинг биринчи босқичи куч билан осмонга кўтарилиб, иккинчи босқичи ажралиб чиққан ва парвозни давом эттирган. Парвоз якунида ракетага ўрнатилган парашют очилиб, хавфсиз қўниш таъминланган.

 

Ракета учирилиши билан боғлиқ видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, томошабинлар томонидан юқори баҳоланди. Кўплар ўқувчиларнинг аниқлиги, ҳамкорлиги ва физикага бўлган тушунчасини алоҳида таъкидлаган.

 

Айримлар бу тажрибани болалар учун ажойиб илмий машғулот деб атаган бўлса, бошқалар буни мактаб давридаги илмий тажрибалар билан қиёслаган.

 

Маълум қилинишича, ракетанинг дастлабки кўтарилиши босим остидаги сувнинг чиқиши ҳисобига амалга ошади. Маълум баландликка етгач, иккинчи босқич ажралиб чиқиб, сақланган ҳаво босими ёрдамида парвозни давом эттиради. Ушбу механизм Нютон қонунлари, ҳаво қаршилиги ва босим динамикаси каби муҳим физика тушунчаларини яққол намоён этган.