Фанлар академиясида ёш илмий ходимлар улушини 60 фоизгача оширилади

Фанлар академиясида ёш илмий ходимлар улушини 60 фоизгача оширилади

Президентнинг 2025 йил 27 декабрда «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–390-сон қарори қабул қилинди.

 

Ушбу қарорни қабул қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагиларни амалга ошириш орқали Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш ҳисобланади:

 

– янги илмий ишланмалар сони ва тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга ошириш;

– илмий ходимлар таркибида ёшлар улушини 60 фоизгача ошириш;

– хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатаётган илмий диаспорани Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилиш.

 

Қарорга кўра, Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади.

 

2026 йилдан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги барча илмий лойиҳаларнинг сифатини ошириш мақсадида уларни илмий экспертизадан ўтказиш бўйича илмий-техник кенгашлар таркибига Фанлар академияси таклифига асосан ҳамраис номзоди киритилади.

 

2026 йил 1 апрелдан Фанлар академияси ўз тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда илмий ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ва илмий муассасалар фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизимини жорий этади.

 

2026 йил 1 январдан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади.

 

Академиянинг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

Шунингдек, ҳужжат билан ФА фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури, 2030 йилгача мақсадли кўрсаткичлари, илмий ходимлари сонини босқичма-босқич ошириш режаси тасдиқланди.

 

Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг умумий чекланган сони 50 нафар этиб белгиланди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Инновасион ривожланиш агентлигининг Халқаро молекуляр аллергология марказини Фанлар академияси тизимига ўтказилади.

 

Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Фанлар академиясининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Халқаро илм-фан кенгашининг Марказий Осиё минтақавий офиси ташкил этилади.

 

Яна бир муҳим янгилик – илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади ва давлат бюджетидан ҳар йили 80 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилади.