2026 йилда ММТВ бюджети нималарга йўналтирилади?

2026 йилда ММТВ бюджети нималарга йўналтирилади?

25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган қонун билан 2026 йил учун Давлат бюджети тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, 2026 йилда вазирликка жами 63 триллион 691,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

 

Бу 2025 йил учун белгиланган 59 триллион 164,2 миллиард сўмга нисбатан қарийб 4,5 триллион сўмга ёки 7,6 фоизга кўп демакдир. Ушбу ўсиш тизимни ривожлантиришдаги устувор йўналишлар ўзгарганидан далолат беради.

 

Хорижий мутахассисларни жалб этиш кўлами кенгаймоқда

 

Келгуси йилги бюджетнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири бу чет эллик педагогларни таълим жараёнига жалб қилиш учун ажратилаётган маблағларнинг сезиларли даражада оширилишидир.

 

Агар 2025 йилда ушбу мақсадлар учун 250 миллиард сўм йўналтирилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробарга ортиб, 700 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

 

Бу ўзгариш мактабларда хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитиш сифатини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда ўқувчиларнинг тил кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтирилаётганини англатади.

 

Дарсликлар сифати ва мазмунига инвестиция

 

Сўнгги йилларда дарсликларнинг мазмуни ва сифати борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар молиявий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Таҳлилларга кўра, 2026 йилда умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш билан боғлиқ харажатлар учун 1 триллион 985 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

 

Таққослаш учун, 2025 йилда бу йўналишга 1 триллион 300 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган эди. Қарийб 685 миллиард сўмлик фарқ ўқув адабиётларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш жараёни изчил давом эттирилишини кўрсатади.

 

Рақамлаштириш ва педагогларни рағбатлантириш янги босқичга ўтмоқда(ми)?

 

Янги бюджет лойиҳасида мактабларни технологик жиҳатдан янгилаш ва педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор янги ҳамда кенгайтирилган моддалар ўрин олган. Жумладан, мактаблардаги маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш харажатлари 2025 йилдаги 200 миллиард сўмдан 2026 йилда 250 миллиард сўмга оширилган.

 

Бундан ташқари, 2026 йилги бюджетда мактабларни интерактив доскалар билан босқичма-босқич таъминлаш учун янги йўналиш сифатида 100 миллиард сўм ҳамда интернет тармоғида болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш учун 120 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

 

Шунингдек, тизимда шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида жорий этилаётган «Тоза қўллар» дастурини молиялаштириш учун 203 миллиард сўм, «Йил ўқитувчиси» танлови ғолибларини муносиб тақдирлаш учун эса 137,2 миллиард сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, 2026 йилги Давлат бюджети параметрлари мактабгача ва мактаб таълими соҳасини молиялаштиришда стратегик ўзгаришлар юз бераётганини кўрсатмоқда.

 

Таҳлиллар шуни тасдиқлайдики, келгуси йилда асосий эътибор таълим сифатини оширишга хизмат қилувчи йўналишларга қаратилади.

 

Хусусан, хорижий мутахассисларни жалб қилиш, ўқув адабиётларини янгилаш ва мактабларни рақамлаштириш учун ажратилаётган маблағларнинг сезиларли даражада ортиши ҳукуматнинг соҳадаги устувор вазифаларини қайта кўриб чиққанидан далолат беради.

 

Бу эса тизимда моддий-техник базани мустаҳкамлаш босқичидан босқичма-босқич таълим мазмунини бойитиш ва инсон капиталини ривожлантириш даврига ўтилаётгани билан изоҳланади.