Хитой пойтахти Пекин шаҳрида одамсимон роботларни тайёрлашга ихтисослашган ноёб таълим маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу марказ саноат, тиббиёт ва кундалик ҳаётда хизмат қиладиган робот-ёрдамчиларни тайёрлашга қаратилган.
Унда реал иш муҳитини тўлиқ акс эттирувчи ишлаб чиқариш линиялари, яшаш хоналари ва логистика терминаллари барпо этилган. Машғулотлар ҳақиқий шароитга максимал даражада яқин тарзда олиб борилмоқда.
Асосий эътибор бўйи 1,66 метр бўлган «Kuafu» номли одамсимон робот моделига қаратилган. Роботлар индивидуал тарзда ўқитилади: ҳар бир робот билан икки нафар инструктор ишлайди. Улардан бири ВР-технологиялар орқали ҳаракатларни бошқарар экан, иккинчиси сенсор маълумотларини таҳлил қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, роботни оддий ҳаракатга ўргатиш ҳам катта сабр ва вақт талаб қилади. Масалан, биргина товани эҳтиёткорлик билан қўйиш ҳаракати 1250 маротаба такрорланган. Битта мураккаб сценарийни ўзлаштириш эса 7–8 кун вақт олади.
Ҳозирда марказда 110 нафар ёш мутахассис фаолият юритмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида роботлар келажакда заводлар, шифохоналар ва ҳатто уй шароитида инсонларнинг яқин ёрдамчисига айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, Хитойда одамсимон робот олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани, у Шанхай театр академиясида докторантура босқичида таҳсил олаётгани ҳақида ҳам хабар берилган.
