Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 1 декабрдаги 958-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» қарорига бир қанча ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, Академиянинг бакалавриат дастури бўйича кундузги таълим шаклига фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари қабул квотасининг 80 фоизи бўйича қабул қилинади. («Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» таълим йўналиши бўйича қабул бундан мустасно)
Шунингдек, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, Академияда ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ходимлар учун масофавий таълим шакли жорий этилади.
Масофавий таълим муддати:
— олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун — 4 йил;
— олий маълумотга эга бўлган шахслар учун — тўлов-контракт асосида 3 йил этиб белгиланди.
Умумтаълим фанлари (математика, физика ва кимё)ни билиш даражасини аниқлаш бўйича миллий сертификатлар ёки халқаро тан олинган сертификатларнинг тегишли даражаларига эга бўлган номзодларга эса математика, физика ёки кимё фанидан ўтказиладиган синовларда қуйидагича балл берилади:
— А+ А даражали миллий сертификатга ёки А-LEVEL имтиҳонининг Б, А, А* даражали халқаро сертификатига эга бўлган номзодларга — математика, физика ёки кимё фанидан белгиланадиган максимал балл;
— Б+, Б, C+ даражали миллий сертификатга эга бўлган номзодларга — мос равишда сертификатдаги умумий баллга нисбатан фоиз асосида математика, физика ёки кимё фанидан белгиланадиган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл.
Муҳим: Бунда 2024 йил 1 мартга қадар умумтаълим фанлари бўйича берилган миллий сертификатлар учун мазкур сертификат олинган пайтда амалда бўлган имтиёз татбиқ этилади.
Бундан ташқари, профессионал даражадаги нуфузли халқаро IT-сертификатга эга бўлган «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» таълим йўналишига ҳужжат топширган номзодларга математика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.
Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган битта номзод мазкур йўналишнинг иккинчи курсига тўғридан-тўғри қабул қилинади.
Шунингдек, информатика ва ахборот технологиялари фанидан амалий топшириқлар сони биттага оширилди. Эндиликда ушбу фандан имтиҳон билетларида:
— 1 та назарий савол;
— 2 та амалий топшириқ бўлади.
Номзодларга топшириқларга тайёрланиши учун 30 дақиқа вақт берилади. Ушбу фан бўйич билим ва амалий кўникмалари комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан 60 баллик тизимда баҳоланади.
Яна бир муҳим ўзгартиришга кўра, 2-илованинг 3-банд ва 4-банднинг 6-хатбошисидаги «қабул йилида қирқ бир ёшга тўладиган» сўзлари «қирқ ёшдаги» сўзлари билан алмаштирилди.
Шу тариқа, академияга ички ишлар органларида камида уч йиллик амалий хизмат стажига эга бўлган, ёши қирқдан катта бўлмаган, шу жумладан, қирқ ёшдаги ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Бундан ташқари, академияга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти томонидан ҳар йили белгиланадиган қўшимча квота бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларда камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган ёши қирқдан катта бўлмаган, шу жумладан қирқ ёшдаги ҳарбий хизматчилар (ходимлар) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
