Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бўлиб ўтмоқда.
Яқинда техникумларга замонавий қиёфа ва янгича муҳит олиб кириш бўйича беш йиллик дастур тасдиқланди.
«Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз», – деди Президент.
Бунинг учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади.
Германия, Швейтсария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва «Касблар шаҳарчаси» фаолияти йўлга қўйилади.
Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, «Касблар шаҳарчаси» мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, «яшил» энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
