2026 йилда Ўзбекистон бир нечта нуфузли халқаро фан олимпиадаларига мезбонлик қилади

2026 йилда Ўзбекистон бир нечта нуфузли халқаро фан олимпиадаларига мезбонлик қилади

Бугун Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давом этяпти. Президентнинг мурожаати давомида стеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.

Маълумки, Ўзбекистон келгуси йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.

Шу билан бирга, 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиада ўтказилади.

Бундай нуфузли тадбирлар Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.