Жанубий Кореянинг Anyang университетида таҳсил олаётган Маржона Абдураҳманова билан Корея таълим тизими, ҳужжат топшириш жараёни, дарс машғулотлари ҳамда бу мамлакатда талабаларга яратилган имкониятлар ҳақида суҳбатлашдик.
Маржона Абдураҳманова 2003 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Бошланғич таълимни Тошкент вилоятидаги 54-сонли мактабда олган. 2021 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган. Бакалавриат даврида у бир қатор вазирлик ва ташкилотларда амалий тажриба орттирган. Хусусан, Адлия вазирлигининг медиа материаллар тайёрлаш бўлимида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Ахборот хизматида контент менежер вазифасида фаолият юритган. Шунингдек, «Ўзбекистон 24» телеканалининг Хориж хабарлари тайёрлаш бўлимида амалиёт ўтаб, медиа соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаган.
У бакалавриат босқичини имтиёзли диплом билан якунлаб, Жанубий Кореянинг Anyang университетига магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган. Ҳозирда Халқаро бизнес йўналиши бўйича 1-босқич магистранти ҳисобланади.
Маржона Talimxabarlari.uz’га нега Жанубий Корея университетини танлагани, ҳужжат топшириш жараёнлари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Жанубий Корея таълим тизими ва дарс жараёнлари ҳақида гапириб берди ҳамда бу мамлакатга энди боришни режалаётган ёшларга нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги борасида ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.

Нега айнан Жанубий Корея?
— Бакалавриат давридаёқ хорижда таҳсил олишни режалаштирган эдим. Медиа ва коммуникация соҳасида ўқиган бўлсамда, магистратура босқичида билим доирамни кенгайтириш ва бизнес жараёнларини чуқурроқ ўрганиш истаги пайдо бўлди. Жанубий Корея эса таълим сифати, технологик ривожланиши ва академик муҳит билан мени ўзига тортди. Осиёда таълим сифати юқори бўлган давлатлардан бири. Айниқса, бизнес ва менежмент йўналишларида назария билан бирга амалиётга катта эътибор қаратилади. Шу сабабли магистратура учун айнан Кореяни танладим.
Ҳужжат топшириш жараёни ва грант масаласи
Маржона Кореяга агентлик орқали ҳужжат топширган.
— Университетларга мустақил ҳужжат топшириш жараёни мураккаб бўлгани учун агентлик орқали мурожаат қилдим. Агентлик ҳужжатларимни тайёрлаш, университет танлаш ва қабул жараёнида яқиндан ёрдам берди. Анянг университетининг магистратура босқичи учун асосий талаблар қуйидагича:
— IELTS камида 5.5-6-7;
— бакалавриат дипломи;
— академик транскрипт;
— мотивацион хат.
Anyang университети учун керакли ҳужжатлар эса:
1. Тил сертификати
2. Диплом (апостил)
3. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома
4. Банк шот
5. Расм
6. Ўқиш режа ва автобиография
Ҳужжатлар кўриб чиқилгач, агар шунга лойиқ кўрилса ва тилни билиш даражаси юқори бўлса ва суҳбатлардан муваффақиятли ўтилса, маълум миқдорда грант ажратилади. Бу грант контракт тўловининг ярмига татбиқ этилади ва академик кўрсаткичларга қараб кейинги семестрларда ҳам сақланиб қолиниши мумкин.
Кореяда яшаш ва ўқишга мослашиш
— Жанубий Кореяга илк бор келганимда, ҳамма нарса жуда тез ва тартибли бўлиб туюлган. Аэропортдан бошлаб одамларнинг шошқалоқлиги, транспорт тизимининг аниқлиги ва ҳамма жойда технологиялардан фойдаланилаётгани кўриб шошиб қоласиз. Дастлаб бу муҳит бироз ғалати ҳатто чарчатадиган ҳам бўлиб туюлган лекин вақт ўтиб буларнинг барчаси кундалик ҳаётимни бир қисмига айланди.
Кореяда вақтга жуда жиддий қаралади. Дарслар аниқ белгиланган вақтда бошланади, кечикиш одатий ҳол сифатида қабул қилинмайди. Университет ҳаётига мослашиш ҳам аста-секин кечади. Дарслар инглиз тилида олиб борилсада, кундалик ҳаётда корейс тилини билмаслик айрим ноқулайликлар туғдириши мумкин. Дўконда, транспортда ёки оддий саволлар беришда корейс тилининг энг камида бошланғич даражасини билиш керак. Шу сабабли кўплаб хорижий талабалар келганидан кейин корейс тилини ўрганишга эътибор қаратади. Корея университетларида талабалар жуда меҳнаткаш. Кутубхона ва ўқув хоналари кечки пайт ҳам тўла бўлади. Баъзида талабалар дарсдан кейин ҳам университетда қолиб, гуруҳ бўлиб топшириқлар устида ишлашади.
Яшаш шароитларига мослашиш бўлса алоҳида жараён. Кўпчилик хорижий талабалар ётоқхонада яшайди. Хоналар кичик бўлсада, жуда тартибли ва қулай. Мен турмуш ўртоғим билан турганлигим сабабли менда ҳеч қандай қийинчилик кузатилмади.
Озиқ-овқат масаласида ҳам дастлаб фарқ сизилади. Корейс таомлари аччиқ ва ўзига хос таъмга эга. Бошида ҳамма ҳам тез кўникиб кета олмайди. Шу сабабли кўпчилик дастлаб ўзи овқат тайёрлашга ҳаракат қилади.
Ижтимоий муҳитга мослашиш ҳам осон эмас. Корейслар одатда камгап, улар билан яқинлашиш учун вақт керак бўлади. Лекин мен асосан хорижликлар: Ҳиндистон, Непал, Бангладеш, Хитойлик талабалар билан бирга таҳсил оламан, курсдошларимнинг ҳам аксарияти шу давлатлардан. Шу сабабли тез дўстлашиб кета олдик.

Энг муҳими, Кореяда яшаш ва ўқишга мослашиш сабр ва вақт талаб қилади. Бир-икки ой ичида ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб қолмайди. Аста-секин сиз бу тартибли ҳаётга мослашиб, ўзингизда ҳам ўзгаришларни сеза бошлайсиз масъулият ошади, вақтни қадрлашни ўрганасиз ва кўпроқ мустақил қарор қабул қилишни бошлар экансиз.
Корея таълим тизими
— Жанубий Корея таълим тизими дунёда интизом, рақобат ва юқори натижадорлик билан ажралиб туради. Университет таълими фақат академик билим бериш билангина чекланиб қолмай талабани реал бозор шароитига тайёрлашга ҳаракат қилади. Университетларда магистратура босқичидаги таълимда ўқув режаси қатъий белгиланган, лекин талабанинг қизиқишига қараб фан танлаш имконияти ҳам мавжуд. Таълим жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда амалий таҳлил, реал компаниялар мисолида ишлашга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, халқаро бизнес йўналишида ўқиётган талабалар учун глобал бозор, Осиё иқтисодиёти, Корея компаниялари модели кенг ўрганилади.
Университетда дарслар асосан қуйидаги шаклларда олиб борилади: Маъруза бўлиб ўтади, профессор томонидан мавзу тушунтирилади ва семинарда талабалар иштирокида муҳокама ва таҳлил қилинади.Амалий машғулотлар ҳам ўтиб борилади. Кореяда дарслар жуда интенсив. Ҳар бир фан бўйича ҳафталик ўқиш материаллари, илмий мақолалар ва презентациялар тайёрлаш талаб этилади. Бу тизим талабани доимий изланишга мажбур қилади.Профессорлар талабадан пассив тингловчи бўлишни эмас балки доим фаол фикрлашни талаб қилади.Савол бериш, баҳслашиш ва ўз позициясини ҳимоя қилиш рағбатлантирилади. Дарс давомида сукут сақлаб ўтириш салбий баҳоланади — дейди Маржона.
Баҳолаш тизими ҳам ўзига яраша
Корея университетларида баҳолаш тизими жуда шаффоф. Баҳолар қуйидаги мезонлар асосида белгиланади:
— дарсга қатнашиш (attendance);
— оралиқ топшириқлар;
— презентациялар;
— якуний имтиҳон.
Баъзи фанларда якуний имтиҳон бўлмаслиги мумкин. Унинг ўрнига семестр охиригача тайёрланган тадқиқот иши ёки бизнес-лойиҳа топширилади. Плагиат масаласига жуда қатъий қаралади. Ҳатто кичик кўчирма ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Шу сабабли академик манбалар билан ишлаш муҳим аҳамиятга эга. Технологияларга асосланган ўқув муҳити мавжуд. Корея университетларида деярли барча жараёнлар рақамлаштирилган. Дарс жадвали, топшириқлар, баҳолар,махсус эълонлар ,онлайн платформалар орқали юритилади. Талабалар электрон кутубхоналар, илмий базалар, университет иловалари орқали профессорлар билан алоқада бўлишади.
Бу тизим бошида бироз қийин туюлган, аммо вақт ўтиб жуда қулай эканини тушунганман. Қоғозбозлик деярли йўқ. Корейс жамиятида ҳурмат тушунчаси жуда муҳим. Ёш, лавозим ва академик мақомга қараб муомала қилинади. Профессорларга бўлган муносабат ва расмий ҳурмат жуда кучли.

Ҳайрон қолдирган нарсалар
Жанубий Кореяда яшаш давомида мени энг ҳайрон қолдирган жиҳатлардан бири — тозаликка атроф муҳитга муносабат. Кўчаларда деярли ахлат кўрмайсиз, жамоат жойлари доимо тоза. Энг қизиғи, ахлат қутилари кам бўлса ҳам, одамлар чиқиндини чўнтагида олиб юриб, уйига етгунча ташламайди.
Кореяда технологиялар кундалик ҳаётга сингиб кетган. Телефон орқали транспорт картаси тўлдириш, тўлов қилиш, буюртма бериш, бир кун давомида нақд пул ишлатмасдан юриш одатий ҳолга айланган деярли карта тизимига ўтиб кетган. Бу қулайликларга тез ўрганиб қоласан киши.Энг муҳими тизим ўз вақтида ишлайди. Жамоат транспортларида текин wи-фи тармоқлари мавжуд. Телефон рақамингизни ҳисобида мавжуд бўлмасада телефон қилиш имкониятига эгасиз. Озиқ-овқат маданияти ҳам мени ҳайрон қолдирди. Кореяда одамлар кам-камдан жуда тез овқатланишади. Кўпчилик ташқарида овқат ейди, кичик кафелар ва ошхоналар жуда кўп. Аччиқ таомлар бошида қийин туюлсада, вақт ўтиб уларга кўникиб кетса бўлади. Етказиб бериш хизмати ҳам ўз вақтида ишлайди ва исталган турдаги буюртмаларингиз ўз вақтида эшигингиз тагида бўлади.
Яна бир эътиборимни тортган жиҳат одамлар ташқи кўринишга эътибор қаратиб юришади, айниқса юз парваришига. Кореяда озода кийиниш, ўзига қараш кундалик одат ҳисобланади. Лекин ҳеч қачон кийган кийимингизга қараб сизга муносабат билдиришмайди. Исташса қаҳратон қишда ҳам енгил пойабзал ва кийимларда жамоат транспортларига чиқиб кетаверишади. Улар учун қулайлик биринчи ўринда.Ҳеч ким айнан шу нарсага эътибор билан қараб мазах қилмайди. Автобус ёки метрода баланд овозда гаплашиш, телефон орқали шовқин қилиш деярли учрамайди. Махсус ўриндиқлар (ногирон,ҳомиладор аёллар,қариялар) учун мўлжалланган ўриндиқлар бўш бўлса ҳам одамлар жимгина тик туриб кетаверишади.
Шунингдек, бу ерда хавфсизлик даражаси ҳам юқори айниқса аёл қизлар учун. Кечқурун ёлғиз юриш ҳам қўрқинчли эмас. Кўчаларда камералар кўп, жамоат жойлари яхши ёритилган. Бу айниқса хорижлик талаба сифатида ўзингизни анча хотиржам ҳис қилишингга ёрдам беради.

Яшаш харажатлари
Жанубий Кореяда яшаш харажатлари шаҳар ва яшаш турига қараб фарқланади. Сеулга яқин ҳудудларда нархлар нисбатан юқори, университетга яқин шаҳарларда талабаларга қулайроқ вариантлар мавжуд. Шу сабабли кўпчилик хорижий талабалар айнан университет ётоқхонасини ёки кампусга яқин ижарадаги хоналарни танлайди. Талабалар учун энг яхши вариант бу ётоқхона. Ётоқхонада яшаш ижара, коммунал хизматлар ва интернет каби харажатларни анча камайтиради. Одатда ётоқхона тўлови бир семестр учун тўланади ва у ойига ўртача 250$-400$ атрофида бўлади.
— Мен турмуш ўртоғим билан алоҳида турганим сабабли ижара нархлари бироз баландроқ. Кореяда хонадон ижарасида депозит тизими мавжуд бўлиб, ижара тўловидан ташқари дастлаб анча катта сумма тўлаш талаб қилинади. Яъни тахминан 1000$ миқдорида. Ойлик ижара нархлари эса ҳудудга қараб ўзгариши мумкин тахминан 400$-700$ атрофида бўлиши мумкин, бунинг устига электр, сув ва газ харажатлари ҳам қўшилади.
Озиқ-овқат харажатлари талабалар бюджетида муҳим ўрин тутади. Агар талаба кўпроқ ташқарида овқатланса, бир маҳал овқат 6-10$ атрофида бўлади. Транспорт харажатлари Кореяда нисбатан қулай. Метро ва автобус тизими жуда ривожланган. Талабалар транспорт карталаридан фойдаланиб, бир йўналиш учун ўртача 2$-3$ тўлашади.
Кундалик майда харажатлар: дафтар, қаҳва ёки кичик эҳтиёжлар учун ойига яна 50$-80$ ажратишга тўғри келади. Талабаларга ҳафтасига маълум соат ишлашга рухсат берилади тахминан (20-25соат) лекин магистратура босқичида ўқиш юкламаси оғир бўлгани сабабли кўпчилик талабалар асосий эътиборни таълимга қаратади.
Талабаларга яратилган имкониятлар
Anyang университетида талабалар учун қулай ва замонавий таълим муҳити яратилган. Кампусда замонавий аудиториялар, компьютер хоналари ва мустақил дарс қилиш зоналари мавжуд бўлиб, талабалар улардан дарсдан кейин ҳам фойдаланишлари мумкин. Университет кутубхонаси босма ва электрон манбалар билан таъминланган, илмий базаларга бепул кириш имконияти мавжуд. Таълим жараёни рақамли платформалар орқали олиб борилиб, дарс жадвали, топшириқлар ва баҳолар онлайн кузатилади.

Халқаро талабалар учун махсус қўллаб-қувватлаш маркази мавжуд. У виза, ҳужжатлар ва мослашув жараёнида ёрдам беради. Академик кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар учун турли грант ва стипендия дастурлари мавжуд. Шунингдек, спорт иншоотлари, фитнесс заллари фойдаланишга учун бепул.
Маслаҳат ва тавсиялар
Жанубий Кореяда ўқишни режалаётган ёшларга энг аввало аниқ мақсад танлашни тавсия қиламан.Университет ва мутахассисликни танлашда фақат рейтингга ёки хусусий университет эканлигига эмас, балки ўз қизиқишларингиз ва келажак режаларингизга мос келишига эътибор қаратишингиз керак деган бўлардим.
Ўқиш жараёнида ёзма ишлар кўп бўлгани сабабли академик инглиз тилини олдиндан мустаҳкамлаб келиш ҳам фойдали. Кореяга келгач, вақтни бошқариш жуда муҳим. Дарслар интенсив бўлгани учун топшириқларни охирги кунга қолдирмаслик, режа асосида ишлаш ўқишни анча енгиллаштиради. Кундалик ҳаётда эса корейс тилининг камида бошланғич даражасини ўрганиб келишни тавсия қилган бўлардим. Бу нафақат яшашни, балки одамлар билан мулоқотни ҳам осонлаштиради албатта. Хорижий талаба сифатида фаолликдан четда қолмаслик керак. Университет клублари, тадбирлар ва халқаро дастурларда иштирок этиш янги танишлар орттириш муҳим. Энг асосийси имкониятлардан унумли фойдаланиб,бошқа бир давлатда давлат имижини кўтариб юриш масъулиятини елкага ортиб чиқишни унутмаслик керак.

Келажакдаги режалар
— Кореяда таҳсил олиш менга нафақат билим, балки мустақил фикрлаш, вақтни тўғри бошқариш ва глобал қарашни ўргатмоқда. Магистратурани тамомлагач, Ўзбекистонга қайтиб, халқаро бизнес ва медиа соҳаларида ўз ўрнимни топишни истайман. Айни пайтда бизнес йўналишида, хусусан гастрономик туризм соҳасига қизиқишим тобора ортиб бормоқда. Корея ошхонаси, овқатланиш маданияти ва туризм тизими мени бу йўналишда чуқурроқ ўрганишга ундамоқда. Шу сабабли ўқиш жараёнида бу соҳа билан боғлиқ тажриба тўплаш, маҳаллий бозорни кузатиш ва дастлабки қадамларимни секин ва пухта ташлаш ниятидаман. Шунингдек тил кўникмаларимни ривожлантириб, тўпланган билим ва тажрибани амалиётга татбиқ этмоқчиман.
