2025 йил 23 декабрда Адлия вазирлиги Олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда баҳолаш мезонлари бўйича индикаторларни 3732-сон билан давлат рўйхатидан ўтказди.
«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 58-моддасига кўра, олий таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва таълим дастурларига мувофиқлик жиҳатдан комплекс давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Мазкур идоравий ҳужжат билан 8 та йўналиш доирасидаги 47 та мезон бўйича олий таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказишда фойдаланиладиган 271 та индикатор белгиланмоқда.
Унга кўра, 19 та (7 %) мажбурий индикаторлар (индексацияланган маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлиги, антиплагиат тизими жорий этилганлиги ва б.) ҳамда 252 та (93 %) умумий индикаторлар (натижаларга эришган тюторларнинг рағбатлантириб борилганлиги, талабаларнинг стартап лойиҳалари ва рационализаторлик ғоялари учун танловларнинг ташкил этилганлиги ва б.) мавжуд бўлиб, «мувофиқ» ёки «мувофиқ эмас» тарзида баҳоланади.
Бунда:
– 50 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ эмас»;
– 50 % дан 70 % гача индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «қисман мувофиқ»;
– 70 % ва ундан ортиқ индикаторлар «мувофиқ» деб баҳоланса – мезон «мувофиқ» деб топилади.
Мажбурий индикатор «мувофиқ эмас» деб баҳоланса, умумий натижадан қатъи назар, мезон «мувофиқ эмас» деб топилади.
