Президент Фармони билан Тошкент шаҳридаги «А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети» Федерал давлат буджети олий таълим муассасаси филиали Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказилди.
Қуйидагилар Тошкент шаҳридаги «А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети» Федерал давлат буджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятининг қўшимча йўналишлари сифатида белгиланди:
– инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика, адаптив спорт, ҳаёт фаолиятининг турли соҳаларида ижтимоий иш, оилалар ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишларида кадрлар тайёрлаш;
– инклюзив ва махсус таълим ҳамда адаптив спорт турлари бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
– инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика ҳамда адаптив спорт йўналишларида тадқиқотлар ўтказиш;
– инклюзив ва махсус таълим, геронтология, психология, ижтимоий педагогика ва адаптив спорт йўналишлари бўйича таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш, шунингдек, ушбу йўналишлар бўйича стандартларни экспертизадан ўтказиш.
