Айни дамда бухоролик бир гуруҳ педагоглар Кореяда таълим сафарида бўлиб туришибди. Хизмат сафари давомида педагоглар Кореянинг қатор нуфузли таълим муассасалари ва илмий-амалий марказларида бўлиб, таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган илғор тажрибалар билан яқиндан танишмоқдалар.
Хусусан, делегация аъзолари замонавий «ақлли мактаб» моделлари жорий этилган умумтаълим муассасалари, ўқитувчиларнинг касбий ривожланишига ихтисослашган малака ошириш марказлари ҳамда рақамли таълим ечимлари амалиётга татбиқ этилаётган таълим майдончалари фаолиятини ўргандилар. Ушбу ташрифлар жараёнида ўқув жараёнини рақамлаштириш, STEM-таълим, сунъий интеллект элементларидан фойдаланиш ҳамда ўқувчиларни мустақил фикрлашга йўналтирилган методикалар бўйича амалий тақдимотлар ўтказилди.
Сафар давомида Корея томони билан таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш, онлайн ва офлайн малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Айрим таълим муассасалари ўртасида келгусида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш бўйича дастлабки келишувлар ҳам амалга оширилган.
Шунингдек, бухоролик педагоглар халқаро семинар ва давра суҳбатларида иштирок этиб, инклюзив таълим, таълим сифати мониторинги, ўқитувчининг замонавий компетенциялари ҳамда таълим менежменти масалалари бўйича ўз фикр ва таклифлари билан қатнашдилар.
Сафар доирасида делегация аъзолари Корея Республикасининг тарихий ва маданий масканлари билан ҳам танишиб, бу орқали икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи маънавий таассуротларга эга бўлдилар.


