9 ойда талабалар ўртасида содир этилган жиноятлар сони очиқланди

9 ойда талабалар ўртасида содир этилган жиноятлар сони очиқланди

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор олий таълим муассасаларида талабалар хавфсизлигини таъминлаш ва профилактик чораларнинг самарадорлигига қаратилган.

 

Мажлисда олий таълим муассасаларида талабалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича сўнгги йилларда бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланган. Хусусан, профилактика ишлари кучайтирилиб, талабаларни ижтимоий, маънавий-маърифий ва спорт фаолиятига кенг жалб этиш йўлга қўйилган. Рақамли мониторинг тизимлари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорлик механизмлари жорий этилган. Ушбу ишлар жиноятчилик кўрсаткичларининг қисқаришига маълум даражада ижобий таъсир кўрсатган.

 

Бироқ, ижобий силжишларга қарамай, олий таълим муассасаларида талабалар хавфсизлигини таъминлашда қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилган.

 

Хусусан, талаба ётоқхоналари етарли даражада техник жиҳозланмагани, киришни назорат қилиш учун мўлжалланган турникетлар ҳамда юзни аниқлаш (Face-ID) тизимига эга кузатув камераларининг кўплаб муассасаларда мавжуд эмаслиги танқид қилинган. Сенаторлар бу ҳолатни мазкур технологияларни жорий этишни тартибга солувчи аниқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг йўқлиги билан изоҳлаган, бу эса айрим ОТМларда хавфсизликни рақамлаштириш жараёнини тўхтатиб қўяётганлиги айтилган.

 

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида талабалар ўртасида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга камайиб, 487 тани ташкил этган. Бироқ сенаторлар қарийб беш юзта ҳуқуқбузарликнинг қайд этилгани муаммо тўлиқ бартараф этилмаганидан далолат беришини таъкидлаган. Ушбу ҳолат маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг етарли даражада тизимли олиб борилмаётгани, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарияти билан талабалар ота-оналари ўртасидаги ҳамкорликнинг сустлиги билан боғланган.

 

Муҳокама якунида яратилган инфратузилмадан самарали фойдаланиш, талабалар билан манзилли ва индивидуал ишлашни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилган.

 

Шунингдек, мутахассислар талаба ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар асосан дарс жараёнидан ташқари вақтларда, танаффуслар ҳамда машғулотлардан кейинги дастлабки соатларда содир этилишини қайд этган. Шу муносабат билан кампус ҳудудларида спорт, кутубхона ва тўгараклар фаолиятини кенгайтириш орқали бўш вақтни мазмунли ташкил этиш энг самарали профилактик чораларидан бири экани таъкидланган.