Бугунги кунда дунёнинг энг муваффақиятли таълим тизимлари ҳақида фикр юритилса, бир ном албатта тилга олинади — Финляндия. Атиги беш миллион аҳолига эга бу мамлакат кичик бўлишига қарамай, ўқувчилари йиллар давомида билим даражаси, тенглик кўрсаткичлари ва фаровонлик бўйича доимий равишда юқори ўринларда туради. Кўплаб халқаро баҳолашлар Финляндия мактабларининг ўқувчини сиқмасдан, унга ҳеч бир жиҳатдан босим ўтказмасдан, аксинча, уни қўллаб-қувватлаган ҳолда етук инсон сифатида шакллантиришини эътироф этади. Аммо савол туғилади: бундай натижаларнинг асл сабаби нимада? Нега айнан Финляндия? Финляндия тизими нимаси билан бошқалардан устун?
Стандартлаштирилган тестларнинг йўқлиги сабабми?
Қисқа ўқув кунларими?
Мактабларда берилган бепул овқат?
Ёки бундан ҳам муҳимроқ — йиллар давомида шаклланган фалсафа, маданият ва тенгликка асосланган сиёсатми?
ФИНЛЯНДИЯ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ АСОСИ
Финляндия таълими жуда содда, аммо ўта пухта фалсафага таянади: болалар ўз вақтида ўйнаши, ўз ёшига яраша ривожланиши, таълим эса босим эмас, ўсиш учун имконият бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мактаб 7 ёшдан бошланади. Бу ёшгача болалар эркинлик, жисмоний фаоллик ва ижтимоий мулоқотга йўналтирилган дастурлар орқали ривожланади.
Асосий таълим 9 йил давом этади ва у мамлакат бўйлаб деярли бир хил даражадаги сифатни таъминлайди. Давлат тизими ҳар бир ўқувчига бепул дарслик, ўқув қуроллари, зарурат бўлса транспорт ва тўлиқ иссиқ овқат тақдим этади. Бунинг ортида жуда муҳим фалсафа ётади: болаларнинг таълим имкониятлари уларнинг оилавий аҳволи ёки ҳудудий фарқлар туфайли чекланмаслиги керак.
Асосий таълимдан кейин ўқувчи қайси йўлдан давом этишни ўзи танлайди — олий таълим муассасасими ёки касбий таълимми. Иккаласи ҳам тенг қадрланади ва иккиси ҳам ўқувчини айирмачиликсиз иш фаолиятига етаклайди. Энг муҳими — тизимнинг марказлашмаганлиги. Миллий ўқув дастури мавжуд бўлсада, мактаблар уни маҳаллий эҳтиёж ва ўқувчилар хусусиятига мослаб ишлаб чиқади. Бу ўқитувчиларга ижод эркинлиги, ўқувчиларга эса мослаштирилган, ўз феъл-атворлари ва ташқи омилларга бевосита боғлиқ имкониятларига мос ва уйғун бўлган таълим имконини беради.
ЎҚИТУВЧИЛАР — ТИЗИМНИНГ ЮРАГИ
Финляндия таълимидаги энг асосий муваффақият омили бу — ўқитувчиларидир дейиш мумкин. Бу касб жамиятда энг ҳурматли соҳалардан бири бўлиб, унга кириш жараёни ниҳоятда машаққатли ва юқори даражадаги талабларга асосланган танлов орқали амалга оширилади. Ҳар бир ўқитувчи илмий тадқиқотга асосланган магистратурани тугатади. Бу жараён уларга нафақат педагогик билим, балки таълим жараёнини чуқур таҳлил қилиш, илмий асосланган қарорлар қабул қилиш, ўз дарс методикасини мустақил режалаштира олишини исботлаш ва чиндан амалга ошира олиш имконини беради.
Академик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Финляндия ўқитувчилари юқори даражадаги касбий эркинликка эга. Кўп масалаларда тизим ўқитувчиларга катта ишонч билдиради ва уларнинг мустақиллигини қўллаб қувватлайди. Уларнинг дарс жараёнини қандай ташкил этишлари, қандай баҳолаш усулларини қўллаши, қандай методлардан фойдаланиши ҳақида ҳеч қандай назорат ишлари олиб борилмайди, уларга ота-оналар, раҳбар ёки тизим тарафидан ҳеч қандай касбий ва шахсий босим ўтказилмайди. Бу эркинлик ўқитувчининг масъулиятини оширади, ижодкорлигини кучайтиради ва уларга ўқувчиларнинг эҳтиёжига мос дарс беришга нафақат имконият балки иштиёқ ҳам беради.
Шу билан бирга, айрим тадқиқотлар ортиқча назарий тайёргарлик айрим амалий кўникмаларнинг заифлашишига сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам кўрсатмоқда. Аммо Финляндиянинг умумий тажрибаси шуни кўрсатадики, ўқитувчидан талаб қилинган юқори академик ва назарий кўникмалар уларга берилган мустақил қарор қабул қила олиш ва ишдаги эркинлиги билан бирлашгани учун ҳам амалий кўникмаларнинг заифлашишига эмас аксинча амалиётга татбиқ қилган ҳар бир метод ва услубларининг ниҳоятда яхши натижаларга олиб келганини кўрсатяпти. Қисқача айтадиган бўлсак ўқитувчига қўйилган юқори академик талаблар ва уларга берилган эркинлик ва мустақиллик бутун таълим тизимининг барқарор пойдеворидир.
РАҚОБАТ ЙЎҚЛИГИ БИЛИМГА ЙЎЛ БЎШАТАДИ
Дунёнинг кўплаб давлатларида ўқувчилар ўнлаб тестлардан ўтади, мактаблар рейтинг қилинади, ота-оналар эса фарзандларининг бошқа ўқувчилар билан ўрталаридаги беллашувни, мактаблар, туманлар, шаҳарлар ўртасидаги рақобат ва мавқе пойгасини доимий кузатиб боришади. Финляндияда эса буларнинг ҳеч бири йўқ. Умумий ўрта таълим давомида ўқувчилар стандартлаштирилган тестларга дуч келмайди, мактаблар рейтинг қилинмайди, ўқитувчилар текширувчилар томонидан назорат қилинмайди.
Бу жараён ўқишни стресс эмас, ўсишга чинакам билим олишга йўналтиради. Баҳолаш — жарима ёки устунлик воситаси эмас, балки ўқувчининг ривожланишини кўрсатиб берувчи таҳлилий механизм сифатида хизмат қилади. Финляндия тизими ўқувчи нимани билмаслигини эмас, нимани тушунаётгани, қандай ўсаётганини аниқлашга интилади. Бу орқали эса ўқувчининг кучли тарафлари кашф қилиниши, қизиқишлари ўрганилиши кўзда тутилади.
Тестлар, назорат имтиҳонларидан озод ўқувчилар фақатгина ўрта таълим якунида матуритет имтиҳонидан ўтказилади. Бу тест ўқувчининг ҳаётда ўз йўлини танлашга тайёрлигини баҳолайди. Шунда ҳам босим эмас, масъулиятга асосланган шаклда ўтказилади. Яъни ўқувчиларнинг нималарни билиб-билмасликлари эмас улар катта ҳаётга қадам қўйишга тайёр ёки тайёр эмасликларини аниқлашга ва бунинг масъулиятини уларга ҳис эттиришни мақсад қилишади.
Сўнгги йилларда технологиядан ҳаддан ортиқ фойдаланиш ёки ҳамма учун бир хил ишламайдиган тажрибавий усуллар ҳақида танқидлар бўлди. Аммо шуни унутмаслик керак: Финляндия тизими ўзгаришларга очиқ, муаммоларни тан олади ва улар устида илмий асосда иш олиб боради.
ФEНОМEНЛАРГА АСОСЛАНГАН ТАЪЛИМ
Финляндия таълими билан боғлиқ сўнгги йилларда жаҳон эътиборини тортган омилларда бири — бу феноменларга асосланган таълим. Анъанавий дарслар кўпинча математика, тарих, физика каби мустақил фанларга бўлинган бўлади. Финляндия эса бу чегараларни бузади. Ўқувчилар глобал исиш, миграция, медиа саводхонлиги, технологиянинг ижтимоий ҳаётга таъсири каби реал ҳаётда мавжуд мавзуларни бир вақтнинг ўзида турли фанлар нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Фақатгина бир фанни мустақил ўрганиш уни амалиётга тадқиқ қилиш учун ҳеч қачон етарли бўлмайди, шунинг учун ҳам фанлараро интеграциянинг бу шаклда энг бошиданоқ қўлланилиши жуда муҳим.
Бу ёндашув ўқувчини мантиқий фикрлашга, масалаларга ягона нуқтадан эмас, балки кенгроқ контекстда қарай олишга ўргатади. Тадқиқотлар кўрсатадики, бундай дарслар ўқитувчиларнинг юқори малакаси, ижодий ёндашуви ва мактабдаги умумий ҳамкорлик муҳити билан уйғунлашганда энг яхши натижаларни беради.
Шунга қарамай, феноменларга асосланган таълим ҳамма ўқувчи учун ҳам иш беравермайди, ҳар ўқувчига ҳам осон бўлмаслиги мумкин. Ўзини бошқариш, мустақил ўрганиш кўникмалари пастроқ бўлган ўқувчиларга кўпроқ ёрдам керак бўлиши мумкин. Аммо бу Финляндиянинг ўз тажрибасини доимий равишда баҳолаб, такомиллаштириб бораётган бир услуб ва «шахсий ривожланиш»ни қўллаб қувватлашга асосланган Финляндиянинг ўн йиллар мобайнида сайқаллаб келаётган бир методидир ва ҳеч бир кичик омил эътибордан четда қолмайди. Муаммо сезилиши биланоқ ечимлар учун иш бошланади.
Финляндияда ўқитувчилар юқори малакали ва мустақил бўлганлиги сабабли бу модель самарали ишлайди. Бошқа жойларда эса ушбу усулни атрофидаги тизимни яратмасдан туриб шунчаки кўчириб олиш кутилган натижани бермаслиги мумкин.
МАКТАБДА ОВҚАТЛАНИШ — БАРҚАРОР ТАЪЛИМНИНГ КЎРИНМАС ҚУДРАТИ
Финляндия таълимининг энг самарали, бироқ кўпчилик эътиборидан четда қоладиган жиҳатларидан бири — бу ўқувчиларнинг мактабларда бепул овқатланишидир. Бутун мамлакат бўйлаб ҳар бир ўқувчи ҳар куни иссиқ ва балансли овқат билан таъминланади. Бу нафақат соғлиқни мустаҳкамлайди, балки таълимдаги тенгликни кучайтиради: ҳеч бир бола қайси оилада туғилганини мактабда ҳис қилмайди. Болаларнинг мактабда таомланиши шунчаки бир миф эмас балки бу Финляндия Таълим Агентлиги дастурларида расмий шаклда қайд этилган, қонунга киритилган бир қоидадир.
Илмий тадқиқотлар мактаб овқатининг диққат жамланиши, хотира фаолияти ва умумий ўқув кайфиятига сезиларли таъсир кўрсатишини тасдиқлаган. АҚШнинг Food & Nutrition Research журналида чоп этилган ProMeal тадқиқотлари ва бошқа йирик илмий ишлар соғлом овқатланган ўқувчиларнинг дарсларда фаолроқ бўлишини, ақлий жиҳатдан ривожланишини, қолаверса уйда ҳам соғлом овқатланишни муаммоларсиз давом эттиришини кўрсатади. Мактаб ошхонасидаги мулоқот эса ўқувчиларнинг ижтимоий ривожланишида муҳим роль ўйнайди.
2023 йилда ўрганилган Tasty School модели бўйича тадқиқотлар эса баланслаштирилган овқатларни истеъмол қилишнинг ошгани сайин тушлик вақтида ўқувчилар ўртасидаги ижтимоий мулоқотнинг яхшиланганини кўрсатди. Яъни ўқувчилар нафақат яхшироқ овқатланади, балки бу айни вақтда уларнинг бир-бири билан фаолроқ мулоқотда бўлишларига ҳам таъсир қилади.
Public Health Nutrition журналида чоп этилган яна бир тадқиқот эса иссиқ ва соғлом таркибли мактаб овқатини доимий истеъмол қилган финляндиялик болаларнинг кейинчалик умумий овқатланиш одатларида ҳам соғломроқ танловлар қилганини аниқлади — камроқ ширин, шакарли ва газли ичимликлар, кўпроқ сабзавотлар ва мунтазам ва тартибли овқатланиш.
Бу масаланинг ижтимоий тенглик томони ҳам жуда муҳим: Финляндия мактаб овқатланиш тизими маълумотларига кўра, мактаб тушликлари тарихан болаларда молиявий- ижтимоий етишмовчиликнинг олдини олган ва ҳозир ҳам кам таъминланган оилалар учун муҳим тенглаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.
Шундай қилиб, мактаб овқатлари:
Бу Финляндия тизимининг кичик кўринган, аммо ниҳоятда қудратли бўлаги — ва у ҳақиқий илмий далиллар билан тасдиқланган. Бу оддий кўринган сиёсат аслида ўқувчи фаровонлигининг энг барқарор пойдеворларидан бири эканлиги мавзуйимиз бўлган Финляндия тарафидан тўлиқ ўз исботини топгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
СОҒЛИҚ, ФАРОВОНЛИК — ФИНЛЯНДИЯ ТИЗИМИНИНГ МАҚСАДИ
Финляндия йиллар давомида таълимни фаровонлик билан боғлаб келади. Улар учун ўқувчининг руҳий ҳолати, психологик хотиржамлиги ва мактабдаги ўзини тутиш даражаси ўқиш натижаларидан кам эмас. Йирик Ҳелсинки тадқиқотлари мактаб фаровонлиги билан ўқувчиларнинг натижалари ўртасида кучли боғлиқлик борлигини исботлаган. Кўплаб давлатлар академик натижаларга, стандарт тестларга ёки рақобатга кучли урғу бераётган бир пайтда, Финляндия бошқача йўлни танлайди.
Ҳелсинки университети ва бошқа норвег мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўқувчи фаровонлиги «қўшимча афзаллик» эмас — балки ўқишнинг тамал, асосий шарти сифатида қаралади.
Финляндия тизими болалар ўзини хавфсиз, қўллаб-қувватланган ва тинч ҳис қилганида энг яхши ўрганишини тан олади.
Шунинг учун мактаб кунлари қисқа, бошланғич синфларда уй вазифаси жуда кам, синфда эса ўқитувчи ишонч ва эмоционал хотиржамликни шакллантиришга алоҳида эътибор беради.
Финляндия фаровонлиги бўйича тадқиқотларнинг муҳим хулосаларидан бири шундан иборатки, ўқувчиларга ёрдам имкон қадар эрта кўрсатилади.
Таълим бўйича илмий адабиётларда кенг ёритилган Уч Поғонали Қўллаб-қувватлаш Тизими ўқувчи бирор қийинчиликни сезиши биланоқ ёрдам берилишини таъминлайди — йиллар ўтиб эмас. Бу жараён қисман махсус таълим, индивидуаллаштирилган ёрдам ва психолог ҳамда ижтимоий ходимлар билан ҳамкорликни ўз ичига олади. Шу сабабли Финляндияда мактабларда психологлар, маслаҳатчилар, фаровонлик гуруҳлари фаолият юритади, ўқувчилар эрта ёрдам тизими билан ўраб олинган, кичик ёшда уй вазифаси жуда кам берилади. Қисқа ўқув кунлари ҳам болаларнинг руҳий саломатлигини сақлаб қолиш учун мўлжалланган.
Яна бир тадқиқот шуни исботлайдики, ўқувчи фаровонлиги билан академик натижалар ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд: руҳий ҳолат барқарор бўлса, мотивация ошади, натижалар эса ўз-ўзидан яхшиланади. Финляндия натижаларни «мажбурий равишда чиқаришга» уринмайди; у натижалар пайдо бўлиши учун шароит яратади.
Бу жараёнда тенглик ҳам марказий ўрин тутади.
Финляндия мактаблари молиялаштирилишида бой ва кам таъминланган ҳудудлар ўртасидаги фарқ имкон қадар кам бўлиши таъминланади.
OECD (Organization for Economic Co-operation and Development «Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти») сиёсий таҳлиллари шуни кўрсатадики, Финляндия дунёдаги энг кичик мактаблараро тафовутга эга мамлакатлардан биридир.
Фаровонлик ва тенглик биргаликда Финляндия мактаб тизимининг фалсафий пойдеворини ташкил этади.
Бу фалсафа шуни англатади: муваффақият босим орқали эмас — мувозанат орқали яратилади.
Болалар ўзларини хавфсиз, қадрланган ва тушунилган ҳис қилганида — улар табиий равишда яхши ўқийди. Финляндия таълими айнан шу оддий, аммо жуда кучли ҳақиқатга таянади.
ЯНГИ МУАММОЛАР ВА ЎЗГАРИШЛАР ДАВРИ
Ҳеч бир тизим мукаммал бўлмаганидек сўнгги йилларда Финляндия ҳам ўзининг янги синовларига дуч келмоқда. Мамлакат ҳануз халқаро миқёсда ҳурматга сазовор бўлиб келаётганига қарамай, PISA натижаларидаги пасайиш тадқиқотчилар, сиёсат ва дастур ишлаб чиқувчилар ва ўқитувчилар орасида нималар ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Баъзи олимлар сўнгги йилларда кузатилган экран вақтининг ортиши ва рақамли воситаларнинг жуда тез жорий этилиши ўқувчиларнинг диққатини жамлаш қобилияти ҳамда асосий кўникмаларига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Бошқалар эса ижтимоий ўзгаришларни — тенгсизликнинг ортиши, миграция босими ва COVID-19 пандемиясининг давом этаётган психологик оқибатларини — асосий омиллар сифатида кўрсатади.
Шу сабабли Финляндия бир қатор ўзгаришларни амалга оширишни бошлади.
2025 йилда эътибор ва диққат жамлашни кучайтириш ва рақамли чалғитувчи омилларни камайтириш мақсадида мактаб вақтида смартфонлардан фойдаланишни чекловчи умумий сиёсат жорий қилинди.
Бундан ташқари, кичик синфларда дарс соатлари кўпайтирилди, бу эса ёш ўқувчиларга кўпроқ ўқитувчи йўналтируви ва назорати остидаги ўрганиш жараёнини тақдим этади.
Ўқитувчилар учун ҳам қўшимча ёрдам кўрсатилмоқда — саводхонлик, математика ва рақамли педагогика бўйича янгиланган тайёргарлик дастурлари жорий этилди. Кўплаб муниципалитетлар мактаб психологлари, махсус педагоглар ва фаровонлик дастурларига кўпроқ сармоя киритиб, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммоларни чеклашга ҳаракат қилмоқда.
Бу ўзгаришлар шуни кўрсатадики, Финляндия ўзининг ютуқларидан қониқиб ўтирмайди; у доим ўз тажрибасини таҳлил қилади, хатоларни тан олади ва янгиланади. Бу ўзгаришлар Финляндия ўзининг асосий фалсафасидан воз кечди дегани эмас. Аксинча, тизимнинг ўзини баҳолашга, заиф томонларини тан олишга ва ўзгаришга тайёр эканлигини кўрсатади. Финляндиянинг ҳақиқий кучи ҳеч қачон мукаммалликда бўлмаган — балки ўзгаришга бўлган тайёрликда бўлган.
ХУЛОСА
Финляндия таълими бизга битта муҳим сабоқ беради: таълим — бу рақобат майдони эмас, балки инсонни шакллантириш жараёнидир. Уларнинг тизими қисқа ўқув кунлари, бепул тушлик ёки тестларнинг йўқлиги билан машҳур бўлиши мумкин, аммо бу фақат ташқи кўринишдир. Асоси — ишончдир. Ўқитувчига ишонч, ўқувчига ишонч, мактабга ишонч ва тенгликка содиқлик.
Шу сабабли Финляндия болалари қўрқув эмас, қизиқиш билан ўқийди. Шу сабабли улар мактабни нафақат билим, балки ҳаётий тажриба, мустақиллик ва жамиятга фойдали бўлиш истаги билан тугатишади. Таълимнинг мароми ва мақсади шунда — инсонни бутун бир шахс сифатида шакллантиришдадир.
Қолаверса бутун дунёга донғи кетган бу таълим тизими доимий урғу берилганидек бир мўъжиза эмас, балки чуқур таҳлилларга асосан миллатнинг психологик, ижтимоий, тарихий келиб чиқиши ва келажакда эришишни истаган мақсадларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва янгиланиш ва ривожланишдан, ўзгаришдан асло ва асло тўхтаб қолмайдиган мураккаб қурилишга эга бир тизимдир.
